КИБЕРХАВФСИЗЛИК — БАРЧАМИЗ УЧУН МУҲИМ

Сурхондарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармасида ходимларнинг кибермаданиятини юксалтириш, интернет тармоғидаги турли таҳдидлардан ҳимояланиш ва ахборот хавфсизлиги бўйича билимларини оширишга қаратилган профилактик тадбир ташкил этилди. Тадбирда бошқарма бошлиғи У. Турапов сўзга чиқиб, бугунги кунда ахборот технологиялари жадал ривожланиб, интернет ва ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, интернет тармоғида кибержиноятчилик, онлайн фирибгарлик, шахсий маълумотларни қўлга киритиш, банк карталаридаги маблағларни ўзлаштириш ҳамда сохта ҳаволалар орқали фуқароларни алдаш каби ҳолатлар кўпайиб бораётгани қайд этилди. Бундай таҳдидлардан ҳимояланиш учун ҳар бир ходим интернетдан фойдаланишда ҳушёр ва эҳтиёткор бўлиши, шахсий маълумотлар ҳамда молиявий хавфсизликка алоҳида эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланди. Тадбир давомида КЖҚКБ катта мутахассиси Б. Абдуалимов ҳам сўзга чиқиб, интернет тармоғида кенг тарқалаётган фишинг ҳужумлари, сохта веб-сайтлар ва шубҳали ҳаволалар орқали амалга оширилаётган фирибгарлик усуллари ҳақида тушунчалар берди.

Шунингдек, 2026 йил 1 ноябрдан 30 ноябрга қадар мамлакатимизда ўтказилаётган «Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги» доирасида аҳоли, айниқса, ёшлар ва меҳнат жамоалари ўртасида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ҳамда профилактик тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. Хусусан, номаълум манбалардан келган ҳаволаларни очмаслик, SMS орқали юборилган тасдиқлаш кодларини бошқаларга ошкор қилмаслик, банк картаси маълумотларини бегона шахсларга бермаслик ҳамда шубҳали хабарларга ишонмаслик бўйича амалий тавсиялар берилди. Тадбир якунида ходимларга киберхавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, интернетдан фойдаланишда рақамли саводхонлик ва шахсий масъулиятни ошириш юзасидан тавсиялар берилди.
Йиғилишда онлайн савдо жараёнида содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилдики, айрим фирибгарлар ижтимоий тармоқлар ва интернет платформаларида арзон нархда маҳсулот сотишни таклиф қилиб, харидорлардан олдиндан тўловни амалга оширишни сўрашади. Пул маблағи ўтказилганидан сўнг эса улар алоқани узиб, ўз ваъдаларини бажармайди. Шунингдек, сохта интернет-дўконлар, қалбаки савдо саҳифалари ва бошқа алдов усуллари орқали фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари юзасидан тушунтириш берилди. Ишчи-ходимларга онлайн харидларни амалга оширишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш тавсия этилди. Интернет-дўконнинг ишончлилигини текшириш муҳимлиги таъкидланди. Сотувчининг шахси ва маҳсулот ҳақидаги маълумотларни ўрганиш, номаълум шахсларга олдиндан пул ўтказишда эҳтиёткор бўлиш, банк картасининг махфий маълумотларини сотувчига юбормаслик, ҳаддан ташқари арзон нархда таклиф қилинаётган маҳсулотларга шубҳа билан қараш, шубҳали операциялар аниқланганда банк билан зудлик билан боғланиш зарурлиги айтиб ўтилди. Йиғилиш иштирокчилари томонидан интернет тармоғида «Пулингизни икки ёки уч баробар кўпайтириб берамиз», «Қисқа вақт ичида катта даромад олинг», «Кафолатланган фойда» каби таклифлар орқали фуқароларни алдаш ҳолатлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Зеро, киберхавфсизлик — бу нафақат шахсий маълумотлар, балки молиявий маблағлар ва жамият хавфсизлигини таъминлашнинг ҳам муҳим омилидир.



