Шеробод анорлари жаҳон бозорларига йўл олмоқда

Бугун Шеробод далалари ва боғларида етиштирилаётган анор — оддий қишлоқ хўжалиги маҳсулоти эмас. У юртимиздаги меҳнатсевар деҳқонларнинг машаққати, ерга бўлган меҳри ва ҳудуднинг улкан аграр салоҳиятини намоён этувчи маҳсулотдир.
Сурхондарё воҳасининг ўзига хос табиати, қуёшли иқлими ва унумдор ерлари ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун кенг имконият яратади. Айниқса, Шеробод туманида анорчилик азалдан деҳқончиликнинг сердаромад йўналишларидан бири сифатида шаклланган. Бугунги кунда Шерободда етиштирилаётган анор нафақат ички бозорда, балки хорижий харидорлар орасида ҳам ўзининг юқори сифати, хуштаъмлиги ва бозорбоплиги билан алоҳида эътироф этилмоқда.

Шеробод анорининг асосий устунликларидан бири — унинг табиий иқлим шароитида етиштирилишидадир. Шу боис маҳаллий боғбонлар етиштирган анорлар харидорлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Сурхондарёлик тадбиркорлар томонидан ўтган йили 1870 тонна сифатли анор маҳсулоти Тожикистон, Россия, Белорусия давлатларига экспорт қилинган.

Бу борада Шерабодлик фермер хўжаликлари, деҳқонлар ва экспортёр корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, замонавий сақлаш ва қадоқлаш технологияларини жорий этиш муҳим вазифалардан саналади.Зеро, хорижий бозорда маҳсулотнинг нафақат таъми, балки ташқи кўриниши, қадоғи, сақланиш муддати ва фитосанитар талабларга мувофиқлиги ҳам муҳим ўрин тутади. Анорчиликнинг ривожланиши ҳудуд иқтисодиёти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Экспорт ҳажмининг ортиши боғбонларнинг даромадини кўпайтириш билан бирга, маҳсулотни саралаш, қадоқлаш, ташиш ва сақлаш соҳаларида янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, экспортбоп анор етиштиришга ихтисослашган боғларни кўпайтириш, маҳсулдор навларни жорий этиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш ва маҳсулот сифатини халқаро талаблар даражасига етказиш келгусида экспорт салоҳиятини янада ошириш имконини беради.
Шеробод анорининг хорижий бозорларда ўз ўрнига эга бўлиб бораётгани эса маҳаллий маҳсулотнинг рақобатбардошлигидан далолат беради. Эндиги муҳим вазифа — “Шеробод анори” брендини янада кенг тарғиб қилиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва маҳсулотни жаҳон бозорида муносиб ўринга олиб чиқишдир.



