Жарқўрғон туманида мавсумнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинди

Жарқўрғон туманида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Йўлчиевич Абдураҳмонов бошчилигида семинар ташкил этилди. Унда вилоят хокимлиги, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи, соҳа мутасаддилари, олимлар, туман ҳокими ва ўринбосарлари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

✍️ Жорий йил мавсумида туманда 6200 гектарда ғўза парвариш қилинмоқда. Туман далаларида кунлик мониторинг кузатув ишлари намунали ташкил этилганлиги таъкидланди. Семинарда ҳудудда олиб борилаётган ғўза парвариши, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш ҳамда озиқлантириш ишлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Мутахассислар мавсумнинг масъулиятли босқичида бажарилиши зарур ишлар юзасидан амалий тавсиялар берди. Қишлоқ хўжалигида юқори натижага эришиш замонавий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, илғор тажрибани оммалаштириш ҳамда фан-техника ютуқларини ҳар бир фермер фаолиятига татбиқ этишга бевосита боғлиқ.
«Лойқанд чинори» ҳудудида жойлашган «Абдухалил файз барака» фермер хўжалигининг пахта майдонидаги 22.4 гектар пахта майдони кўздан кечирилганда айни кунларда бажарилиши лозим бўлган агротехник тадбирларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталинди. Таъкидланганидек, ҳосилнинг асосий қисми айнан бугунги меҳнат, тўғри агротехника ва илмий ёндашув натижасида шаклланади. Вазир пахта етиштиришда ҳар бир куннинг аҳамияти катта эканини таъкидлаб, 1-августгача этефон қаритиш гормонини белгиланган муддатда, кечиктирмасдан қўллаш зарурлигини қайд этди. Замонавий деҳқончиликни илм-фан ютуқларисиз тасаввур этиб бўлмаслигини алоҳида таъкидланди. Эндиликда юқори ҳосилга эришиш фақатгина меҳнат билан эмас, балки ҳар бир агротехник жараённи илмий тавсиялар асосида, аниқ муддатларда ва белгиланган технологиялар асосида амалга ошириш билан чамбарчас боғлиқ экани тушунтирилди.

Семинарнинг энг муҳим жиҳати назарий билимларнинг амалиёт билан уйғунлашганида намоён бўлди. Иштирокчилар фермер хўжалигининг пахта майдонларини бевосита кўздан кечириб, семинарда билдирилган илмий тавсияларнинг амалдаги натижалари билан танишдилар.
Мутахассислар ҳар бир агротехник жараён юзасидан амалий тушунчалар бериб, фермерларни қизиқтирган саволларга жойида жавоб қайтарди.



