Ўзбекистонликлар учун Қатардаги вакансиялар базаси очилди

Қатарнинг Jusour компанияси билан келишувга кўра, мамлакатдаги вакансиялар базаси ўзбекистонликлар учун очилди. Номзодлар 18−45 ёшда бўлиши, инглиз тилини камида А2 даражада билиши керак. Аризалар Tawzeef платформаси орқали юборилади, танланган номзодлар билан уч томонлама шартнома тузилади.
Миграция агентлиги ва Қатарнинг Jusour рекрутинг компанияси ўртасидаги келишувга мувофиқ, ушбу мамлакатдаги йирик вакансиялар базаси ўзбекистонликлар учун очилди. Бу ҳақда агентликнинг «Хорижда иш» Telegram каналида хабар берилди.
Маълум қилинишича, ишга қабул қилиш учун номзодлар 18−45 ёшда бўлиши, инглиз тилини камида А2 даражада билиши ёки IELTS 5 натижасига эга бўлиши талаб этилади. Араб давлатлари тилларини биладиганларга устунлик берилади.
Ишга жойлашиш жараёни Tawzeef платформаси орқали амалга оширилади. Номзодлар сайтда эълон қилинган вакансиялар талаблари билан танишиб, ўзларига мос лавозимга резюме (CV) юбориши мумкин. Маъқул келган номзодлар билан компания вакиллари электрон почта орқали боғланади. Саралаш жараёнидан ўтганлар интервьюга таклиф этилади.
Барча босқичлардан муваффақиятли ўтган фуқаролар Миграция агентлиги билан уч томонлама шартнома тузади, шундан сўнг уларнинг визаси расмийлаштирилади.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 апрелдаги қарорига [252-сонли] мувофиқ, фуқароларни хорижда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш фаолияти билан Миграция агентлиги шуғулланади. Шунингдек, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, мазкур фаолиятни лицензия асосида амалга ошириш ҳуқуқи фақат Миграция агентлиги томонидан лицензия олган хусусий бандлик агентликларига берилган.



