Жамият

Сурхондарёда аёл ва унинг 5 ойлик чақалоғини молхонада сақлаб келганларга суд ҳукми ўқилди

Узун туманида аёл ва унинг 5 ойлик чақалоғини тутқунликда сақлаб келганларга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Аёлнинг турмуш ўртоғи 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Қариндошларининг икки нафари 9 йилга қамалди, яна бирининг озодлиги 5 йилга чекланди.

Узун туманида аёл ва унинг 5 ойлик чақалоғини тутқунликда сақлаб келганларга нисбатан суд ҳукми ўқилди. 28 ёшли аёлнинг турмуш ўртоғи 13 йилга ва икки қариндоши 9 йилга қамалди, яна бирининг эса озодлиги чекланди. Бу ҳақда Олий cуд матбуот котиби Азиз Абидов Gazeta’га маълум қилди.

Таъкидланишича, Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг ҳукми билан аёлнинг турмуш ўртоғи А.Ш. Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди:

  • 126−1-модда (Оиладаги (маиший) зўравонлик);
  • 127-модда (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш);
  • 25-модда (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш);
  • 135-модда (Одам савдоси);
  • 138-модда (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш).

Шунингдек, аёлнинг эри томонидан қариндошлари — икки нафар аёл: М.Ш. ва К.Ш. Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди:

  • 104-модда (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш);
  • 127-модда (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш);
  • 25-модда (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш);
  • 135-модда (Одам савдоси);
  • 138-модда (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш).

Бундан ташқари, эркакнинг яна бир қариндоши З.А. юқоридаги моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда унга нисбатан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

«Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади», — дейилади Олий суд ахборотида.

Ўзи нима бўлганди?

2025 йилнинг 26 август куни Сурхондарё вилояти Узун туманидаги маҳаллаларнинг бирида маҳалла профилактика инспектори хонадон эгаларини қаршилигига қарамасдан молхона эшигини бузиб, унинг ичига кирган.

Инспектор у ерда хонадон эгаси 1981 йилда туғилган фуқаро Ш. А.нинг норасмий турмуш ўртоғи 1997 йилда туғилган фуқаро Х.Г. ва унинг 5 ойлик ўғил фарзанди оғир шароитда мажбурлаб сақланиб келаётганини аниқлаб, жабрланувчиларни тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.

Ҳолат ўрганилганда, хонадон эгаси фуқаро Ш. А., шу хонадонда яшовчи онаси ва яқин қариндошлари билан олдиндан тил бириктириб, норасмий турмуш ўртоғи фуқаро Х.Г.ни руҳий ҳолатидаги ўзгаришлари борлигидан (тилида нуқсони борлиги, фикрларини тўлиқ баён қилишга қийналиши) фойдаланиб бир неча ой давомида унга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ишлатиб, мажбурлаб, хонадон ичидаги молхонада яширин равишда сақлаб келишгани аниқ бўлган.

Шундан сўнг жабрланувчи Х.Г. Узун тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимига, фарзанди эса туғруқ бўлимига даволаниш учун жойлаштирилиб, уларнинг соғлиғи билан боғлиқ вазият вилоят ижтимоий ҳимоя бошқармаси масъуллари томонидан алоҳида назоратга олинган.

Ҳолат юзасидан, Узун тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 126−1-моддаси 7-қисми «а», «е» бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан маиший зўравонлик / 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар Ш. А. ва унинг ишга алоқадор бўлган уч нафар яқин қариндошлари процессуал тартибда қамоққа олинган эди.

Шунингдек, молхонада чақалоғи билан тутқунликда сақланган аёл зўравонлик ва очликни бошидан кечиргани, жумладан, тарвуз пўчоғини ейишга мажбур бўлганини айтиб берганди. Шифокорлар унга тўйиб овқатланмаслик ташхисини қўйган.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button