ЖамиятҚишлоқ хўжалиги

ТЎҚСОНБОСТИ ҚАНДАЙ ЭКИЛАДИ?

мавсумнинг муҳим юмушлари

Юртимиз иқлими сабзавот экинлари етиштириш учун ғоят қулай. Суғориладиган майдонлардан самарали ва унумли фойдаланиш, ҳар бир қарич ердан йил давомида бир неча маротаба ҳосил олиш имкони мавжуд. Фақат бундан оқилона фойдаланиш керак, холос. Ҳатто, кунлар салқинлаганда ҳам тўқсонбости экинлар экиш мумкин.

Маҳсулот етиштирувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш учун ўқув семинарлари, экспортбоп навларини етиштириш ва экспорт қилиш борасидаги ишлар ташкил этилмоқда. Маҳсулот етиштирувчиларга агрономик тавсиялар бериш, энг мақбул давлатларга қулай вақтларда экспорт қилишда кўмаклашиш, ушбу қишлоқ хўжалик маҳсулотларини зараркунанда ва касалликларга қарши кураш  мақсадида  давлат карантин карантин инспекторлари томонидан самарали ишлар амалга оширмоқда.Мазкур тадбирлар аҳоли томорқаларидан оқилона фойдаланиш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг моддий манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади. Айни кунларда мамлакатимиз аҳолисини эрта кўкламда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш, бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлаш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиб бериш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

  • Сабзавотчиликда кеч кузда тўқсонбости услубида экилган сабзавот экинлари уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши хисобига эрта ҳосил беради. Кеч кузда совуқ ва намгарчилик бошланмасдан олдин тўқсонбости усулида экиш учун ноябрь ойининг охири, декабр ойининг биринчи декадасида совуққа чидамли сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, карам, кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич, салат) экинларининг уруғлари сепилади. Тўқсонбости қилиб сепиладиган сабзавот экинлари уруғ сарфи меъёри 20% гача кўп бўлади.Маълумки лалми ва сув танқис майдонларда хам тўқсонбости экиш муддатида сабзавот экинларини экиб яхши иқтисодий самарага эга бўлиш мумкин. Республикамизнинг об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб ҳар бир вилоят учун районлаштирилган, мўл ҳосилли, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган, зараркунанда ва касалликларга чидамли, тўқсонбости экиш муддати учун мос навларни тўғри танлаш лозим. Бунда ушбу экинларнинг эркаклаб кетмайдиган яъни ўзак, гулпоя ҳосил бўлмайдиган навларини экиш мақсадга мувофиқ.

Кўк пиёз

Тўқсонбости муддатда пиёзнинг маҳаллий шароитга мослашган «Истиқбол», «Зафар», хорижнинг «Манас», «Дайтона», «Леоне», «Банко» навларини экиш тавсия этилади.  Пиёз уруғи тўқсонбости усулида жанубий вилоятларда 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябрь — 15 декабрь ва шимолий вилоятларда 1 ноябрь — 1 декабрь кунларида экилади. Пиёз уруғи ҳар гектарига 18 килограммгача сарфланади. Пиёз уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади. Баҳорда пиёзнинг бўйи 6-8 сантиметрга етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган маҳсулот ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади.Тўқсонбости усулида экилган пиёз баҳорда майсалари кўрингандан кейин суғорилади. Биринчи сув одатда баҳорги ёғин-сочин тўхтагандан кейин берилади. Кўклам серёғин келган йилларда бу муддат апрелнинг иккинчи ярмига, ёғингарчилик кам бўлган йилларда эса апрелнинг бошларига тўғри келади.

Сабзи

Сабзининг қизил рангли маҳаллий «Зийнатли», «Фаровон», хорижнинг «Шантане-2461», «Нантская 4», «Канада», «Карсон» каби нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади. Сабзи юртимизнинг жанубий вилоятларида 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябрь — 15 декабрь ва шимолий вилоятларда 1 ноябрь — 1 декабрда тўқсонбости усулида экилади. Уруғ сарфи гектарига 5-6 килограммни ташкил этади. Уруғ сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Баҳорда униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтлардан тозаланади ва ягана қилинади. Сабзи икки марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади. Тупроқнинг намлиги 70-75 фоиз бўлиши лозим. Уруғнинг униб чиқишига қиш ва баҳорда ёққан ёғингарчилик миқдори етарли ҳисобланади.Сабзи апрель ойининг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлабки пайтларда экин ҳар 1,5-2 ҳафтада, май ойининг иккинчи ярмидан, яъни илдизмевалар жадал катталашаётганда эса ҳар 7-8 кунда суғорилади. Кўкат сабзавотлар юқори ҳосилдорлиги, тезпишарлиги, иссиққа кам талабчанлиги, тупроққа, намга ва озиқ моддаларга кўп талабчанлиги билан бошқа сабзавотлардан ажралиб туради.  Сабзавот уруғлари экилган эгатлар устидан чириган маҳаллий ўғитлар ёки дарахт қипиқлари билан мулчалаш ёки полиэтилен плёнкаларини ёпиш тадбирларини қўллаш экилган сабзавот уруғларини эрта кўкламда барвақт униб чиқиб, жадал ўсиб ривожланиши ҳисобига эрта баҳорда экишга қараганда ҳосил етилиши 25-30 кунгача эртароқ, ҳосилдорлиги эса 15-20 фоизга ортиқроқ бўлади. Ҳарорат 18-200С бўлганда тўлиқ унади, кузда экилган сабзи, пиёз ва лавлагининг барглари кўкламда экилганига қараганда 1,5-2 баравар катта бўлиб, ҳосил 25-30 кун эрта етилади ҳамда ҳосилдорлиги гектаридан 14-15% гача юқори бўлади. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, тўқсонбости сабзавот экиш ердан унумли фойдаланиш, юқори иқтисодий самарага эришиш ва аҳолига эрта, янги маҳсулот етиштириш гаровидир.

Исроил Норбўтаев, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Қумқўрғон туман давлат карантин  инспектори

 

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button