Жаҳон хабарлари

56 киши, жумладан, ўзбекистонлик (лар)нинг буйрагини сотган аёл Польшада ушланди

Қозоғистонда инсон аъзолари савдоси ва 56 та буйрак сотиш билан шуғулланган гуруҳда иштирок этгани учун 12 йилга қамалган украиналик аёл Польшада қўлга олинди. Жабрланувчилар орасида ўзбекистонлик (лар) ҳам бўлгани айтилмоқда.

Польша чегарачилари Қозоғистонда инсон аъзолари савдоси ва 56 та буйрак сотиш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳда иштирок этгани учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилган украиналик аёлни қўлга олди. Бу ҳақда Перемишль прокуратураси матбуот котиби ва прокурор Марта Пентковская маълум қилди.

Махфийлик сиёсатига мувофиқ фақат Ксения П. деб номи келтирилган 35 ёшли аёл Польша ва Украина ўртасидаги темирйўл кесишмасида Интерполнинг қизил огоҳлантириши билан қўлга олинди.

Аёл 2020 йил ноябрь ойидан бери Интерпол томонидан қидирувда бўлган, дейди прокурорлар. Интерполнинг қизил огоҳлантириши жаҳон ҳуқуқ-тартибот идораларига экстрадиция ёки шунга ўхшаш қонуний чоралар кўрилгунга қадар шахсни вақтинча ҳибсга олиш тўғрисидаги сўровдир.

Аёл 2017 йилдан 2019 йилгача одамлардан тўқима ва органларни ноқонуний равишда йиғиб, қора бозорда сотган халқаро уюшган жиноий гуруҳдаги иштироки учун судланган, дея қўшимча қилинди хабарда.

Шунингдек, у «Қозоғистон, Арманистон, Озарбайжон, Украина, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Таиланддаги 56 нафар жабрланувчининг буйракларини моддий манфаатдорлик учун ноқонуний равишда олиш» ва «содир этилган жиноятларни доимий даромад манбаига айлантириш»да айбланган.

Прокуратура уни Қозоғистонга экстрадиция қилиш учун бир ҳафталик вақтинчалик қамоқ жазосини қўллаш тўғрисида судга илтимоснома киритди.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button