Фумигация бўйича фаолиятни лицензия асосида амалга ошириш имкони яратилади

Вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурудаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг 2025 йил 3 февралдаги №15-244-сонли топшириқ хатининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг 20.01.2025 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1020-сон Қонунининг мазмун-моҳиятини ҳодимларга етказиш мақсадида навбатдаги семинар ўтказилди.
Уни Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Турапов очиб, қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида тўхталди. Жумладан, ходимларнинг янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардор бўлиши, уларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятининг мунтазам равишда ўстириб боришни таъкидлаб ўтди.
Шундан сўн бошқарма бош юрисконсульти Отажон Имамов сўз олиб, ўз ЎРҚ-1020-сон Қонуни қабул қилинганлиги, кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш соҳасига хусусий секторни жалб этиш, бу борада тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилишига хизмат қилишини таъкидлади.

Эндиликда ушбу хуқуқий хужжат билан “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига юридик шахсларга Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни лицензия асосида амалга ошириш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби, шунингдек минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни лицензиясиз амалга оширганлик учун жарималар миқдорлари белгиланганлиги айтиб ўтилди.
“Давлат божи тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунида минерал ўғитларнинг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни лицензиялаганлик учун давлат божи миқдорлари белгиланмоқда. Ушбу Қонун карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятнинг юридик шахслар томонидан амалга оширилишига ҳамда бундай маҳсулотни экспорт қилувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.
Семинарда ходимлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1020-сон қонунининг ижроси тўғрисидаги бир нечта саволлар ўртага ташланди. Саволларга маърузачилар томонидан кенг ва атрофлича жавоб берди.
Отажон Имомов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош юристконсулти



