Илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият биз учун устувор масаладир

Мамлакатимиз янги тараққиёт даврига қадам қўйган бугунги кунда халқимиз, айниқса, фарзандларимиз онгида Ватанга муҳаббат, юртимиз келажагига дахлдорлик, тинч, эркин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш туйғусини кучайтиришда, шунингдек, ўзбек тилининг мавқеи ва жозибадорлигини оширишда ҳар бир соҳа вакилларининг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Тошкент давлат аграр университетида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилот ва муассасаларда маънавий-маърифий ишлар, давлат тилини жорий қилиш борасидаги фаолиятни жамоатчилик асосида ташкил этишга масъул этиб белгиланган ташкилотчилар ходимлари учун амалий семинар аввалида шу ҳақида сўз борди. Унда қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Эшмирза Абдуалимов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатида мавқейини мустаҳкамлаш, тил сиёсатини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

Миллий тил – халқлар ва миллатларнинг асосий мулоқот манбаидир. Тил халқларни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъана ва маданиятларни сақлайди, авлоддан-авлодга ўтишини таъминлаши ҳақида сўз борди. Таъкидландики,тил – мамлакат тимсоли, қимматбаҳо мулкдир.Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушиши турган гап. Тилни севиш, ардоқлаш, миллатни севиш ва уни қадрлаш билан тенг ҳисобланади. Ҳар қайси халқнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, маданияти унинг тилида ўз ифодасини топади.
Зеро, тил – миллат кўзгуси, деб бежиз айтишмаган. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили – она тилимиз таъсирида шаклланган. Сўнги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.
Семинарда шу ҳақида сўз борар экан, яна бир қатор муҳим масалалар ўртага ташланди. Таклиф этилган бир қатор соҳа мутахассислари ташкилот ва муассасаларда маънавий-маърифий ишлар борасидаги фаолиятни режалаштириш, уларни тизимли равишда ўтказиш ва натижадорлигини оширишнинг ўзига хос жиҳатлари, касбий фаолиятда ва тарғибот ишларида нотиқлик маҳорати ва коммуникатив компетентлик мавзуларида тақдимотлар ўтказишди. Семинарда маънавий-маърифий ишларни амалга оширишда касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти билан ҳамкорликдаги фаолиятнинг ўзига хос жиҳатлари, ташкилот ва муассасаларда маънавий-маърифий ишларни ташкил қилишнинг амалий жиҳатлари ҳамда ташкилот ва муассасаларда давлат тилида иш юритиш тартиб-қоидалари бўйича ўз жамоаларида амалга ошириши лозим бўлган вазифалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Луқмон Ҳакимов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассиси



