КЎЧАТ ЭКИБ-БОҒ ЯРАТИНГ!

Бугун кўчат экиш ишлари авж паллага кирди. Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Олтинсой туман бўлими давлат карантин инспекторлари ҳам бу борада ташкилот ва корхоналар, маҳалла фаоллари билан елкама – елка хизмат қилмоқда. Ушбу хайрли ишларга бош-қош бўлиб турган Олтинсой туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Хуррам Лапасовнинг маълумотига кўра, бугуннинг ўзида туман бўйича 20 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари қадалади. Шу ўринда Абдурасул Тиркашев бошлиқ туман ободонлаштириш бошқармаси ишчи-хизматчиларининг хайрли ишда пешқадам бўлишаётганини ҳам алоҳида таъкидлади. Ҳа, халқимизда “Кўчат эк — боғ ярат”, деган ибратли нақл бор. Бугунги ҳаракатимиз натижасида бунёд бўладиган боғлар, осмонга бўй чўзаётган ниҳоллар она табиат бойлигига бойлик, кўркига кўрк бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

Айниқса, туманнинг “Бибизайнаб” маҳалласида жойлашган “Тошмурод Норбобоев” фермер хўжалигининг катта йўлга туташ экин майдонлари четида уч қатор белбоғ усулида экилган тут ва сосна кўчатлари атрофга файз бағишлаб, кўзларни яшнатди.
—Биз 30 нафар ходимлар билан 1,5минг туп кўчат келтирганмиз, —дейди тадбирда фаол иштирок этаётган туман Сув етказиб бериш хизмати ташкилоти раҳбари Ҳусан Қайимов. — Кўчатларни ариқ четларига экаётганлигимиз туфайли, келгусида уларнинг кўкариб, тутиб кетиши жуда осон бўлади. Тут кўчатлари нафақат атмосфера ҳавосини тозалаши билан бир қаторда, пилла учун тўйимли озуқа бўлиши билан ҳам кони фойдадир. Катта йўлга туташ ғаллазор атрофида иш қизғин борди. Туман Ободонлаштириш бошқармаси, туман Молия бўлими, туман Ветеринария ва лаборатория бўлими ходимлари ҳам юртимизни яшилликка буркаш каби эзгу ишда бошқаларга ўрнак бўлишди.
—Биз ташкилотимиз ҳовлисига 200 туп кўчат экдик. Ўзимиздан ортиб қолган 100 туп арча кўчатини шу ерга олиб келиб экаяпмиз, —дейди туман Ветеринария ва лаборатория бўлими бошлиғи Илҳом Ботиров. — Мақсадимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида қатнашиб, туманимизни яшилликка буркашдек савобли ишга улуш қўшишдир.
Ер ва ундаги барча неъматларни келажак авлодга соф ҳолатда етказиш эса ҳар бир инсон олдидаги муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳолат ҳар бир ақлли кишини бефарқ қолдирмаслиги турган гап. Бундан келиб чиқадики, шу азиз юртнинг фуқароси “Яшил макон” умуммиллий тадбири доирасида дарахт экиб, кўчат ўтқазиб, ўзи яшаб турган шаҳару қишлоғини, маҳалласини обод қилишда фаол бўлиши лозим. Бу бизга икки карра ютуқ бўлиб, аввало, юртимиз обод бўлади, шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси кўркамлашади. Дарахтлар ҳақида ўйлаб, узоқ ўтмишларга ҳам назар соламиз. Буюк бобокалонларимиз ҳам дарахтларни ғоят асраб-авайлаган. Ушбу эзгу анъанани сақлаб қолиш, давом эттириш, дарахтзору-боғ роғларни кўпайтириш бугун ўзимизга боғлиқ, тарғибот, ташвиқот ишларимизда кўринади. Шу меҳнатлар ила битта дарахтни ҳам асраб қололсак бу катта ютуғимиз аслида.
Собир Абдуалимов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Олтинсой туман бўлими бошлиғи



