ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ — ВАТАН ФИДОЙИЛАРИ

Ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам. Мустабид тузум йилларида қатағонга учраган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, илмий ижодий меросини чуқур ўрганиш ёшларимиз қалбида аждодларимиз руҳига эҳтиром, ижтимоий адолат тантанасига ишонч, истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини уйғотади, албатта.

1937 йилда бошланган “Катта террор” сиёсати натижасида Ўзбекистондаги бир қатор таниқли давлат арбоблари ва адабиёт санъат намоёндалари ҳибсга олинади. Пўлат Солиев бошига ҳам қора булутлар кела бошлайди. 1937 йил сентябрда профессор Пўлат Солиев Самарқанддаги Ўзбекистон давлат университетидан бўшатилди. 1937 йил 11 октябрда Солиевни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарилади. Унда жумладан шундай дейилади:
“Тошкент шаҳри, 1937 йил 11 октябр. Мен Ўзбекистон НКВД 3 бўлими оператив ходими – давлат хавфсизлиги лейтенанти Гайнитдинов пантуркистик ташкилот аъзоси бўлган Пўлат Солиевга тегишли ҳужжатларни ўрганиш жараёнида унинг бутунлай Ўзбекистонда Совет ҳокимиятини ағдаришни мақсад қилган антисовет пантуркистик ташкилот аъзоси бўлганлигини, маҳаллий зиёлилар орасида мунтазам равишда советларга қарши ташвиқот олиб борганлигини аниқладим.У ЎзССР Жиноят Кодексининг 49-модда “6“ бандига асосланиб, қарор қилинади: 1882 йилда таваллуд топган, партиясиз, Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон Давлат университети профессори, СССР фуқароси бўлмиш Пўлат Солиев ҳибсга олинсин ва ЎзССР Жиноят Мажмуасининг 60- ва 67-моддаларига кўра жавобгарликка тортилсин”.
Шу тариқа қарийб 5 ой давом этган қийноқлардан сўнг 1938 йил 8 февралда “махсус учлик” Пўлат Мажидович Солиевни отувга ҳукм қилади. Ҳукм 1938 йил 28 февралда ижро этилади. Шу тариқа биринчи ўзбек тарихи профессори Пўлат Солиев СССРнинг қатағон машинаси томонидан маҳв этилади.
Пўлат Солиевнинг асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки кўплаб Шарқ халқлари орасида анча кенг шуҳрат қозонади. 1954 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган Ҳиндистон бош вазирининг ҳам олимни йўқлагани бежиз эмас эди. Солиевнинг вафот этганлигини эшитган Неру унинг “Англия зулми остидаги Ҳиндистон ўлкаси” асари ҳинд озодлик ҳаракати намоёндалари орасида машҳур бўлгани, уларнинг мустақиллик курашларига илҳом берганини айтиб, ўзбек тарихчисига миннатдорлик билдиради.
Орадан икки йил ўтиб, 1956 йилда Ўзбекистон ССР Олий Суди комиссияси Булат (Пўлат) Солиев ҳақидаги 1938 йилги қарорни унинг жинояти тасдиқланмаганлиги туфайли бекор қилади. Олимнинг номи оқланади. Солиевнинг аёли Фотима ая 1987 йилда вафот этади. Булат Солиевдан 4 фарзанд қолган. Улар ҳозирда турли фаолиятлар билан машғул. Пўлат Солиевнинг невараси Алишер ака Муҳиддинов бугунги кунда бобосининг меросини сақлаб келмоқда.
Убайдулла Қувваталиев , ТерДУ қошидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори



