Ерга оид муносабатларда тенглик ва шаффофлик янада оширилмоқда

Мамлакатимизда ерга оид муносабатларда тенглик ва шаффофликни таъминлашга, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилишга ҳамда уларни бозор активига айлантиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида 09.10.2024 йилдаги ЎРҚ-973-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига бошқа қонунларига ижарага олувчи томонидан ижарага олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига бўлган ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ер участкасидан фойдаланиш мақсадлари ўзгартирилмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкинлигини, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн-аукционлар жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бу ҳақида Сурхондарё вилоят Вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида бўлиб ўтган йиғилишда батафсил сўз борди. Унда бошқарма бошлиғи Усмон Туропов сўзга чиқиб, мазкур Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, ушбу ҳуқуқий хужжатнинг ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлашга, шунингдек ер участкаларини ижарага бериш шартларини янада такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади. Бундан ташқари энг яхши таклифни танлаб олиш йўли билан аниқланадиган йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага беришда ижарага олувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига маблағлар тўланиши назарда тутилганлиги ҳақида ҳам сўз борди.

Бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Абсаматов сўз олиб, янги қабул қилинаётган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардор бўлиш, ходимларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятининг мунтазам равишда ўстириб боришда муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош юристконсулти Отажон Имамов томонидан инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш ҳақидаги янгиликлар ҳақида тўхталди. Қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида бўлган, энг яхши таклифни танлаб олиш йўли билан аниқланадиган йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини ижарага беришда ушбу ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқининг баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланадиган бозор қийматига нисбатан коэффициентларда белгиланадиган миқдордаги маблағ ижарага олувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига тўланади. Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади, – деди Отажон Имамов. Маърузачи қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасига нисбатан ҳуқуқлар ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси ижарага олиш шартномаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ер участкасидан асосий фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда, ер участкасини ижарага олиш шартномаси муддати доирасида бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкинлиги ҳақида тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда ходимлар томонидан ушбу Қонуннинг ижроси тўғрисидаги бир нечта саволлар ўртага ташланди. Саволларга маърузачилар томонидан кенг ва атрофлича жавоб берди.
Отажон Имамов,Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош юристконсулти



