Биз мудраб қолмаяпмизми…

Бугунги кунда дунёда 3 мингдан 7 мингтагача тил борлиги эътироф этилади. 2005 йилда тузилган ЮНЕСКО рўйхати 6912та тилни қамраб олади. Бу тиллардан 32,8 фоизи (2269 таси) Осиё ва 30,3 фоизи (2092 таси) Aфрика қитъасига тўғри келади. Юнесконинг ҳисоб-китобига кўра, мавжуд 7 мингга яқин тилнинг ярми ХХИ асрда ўз соҳибидан ажралиши мумкин. Бу жуда даҳшатли статистика…Шундай емасми?
Бу мақолани ёзишдан олдин жуда кўп ўйладим. Ёшлигимизда мактабда бир кунда иккита фан ўқитувчимиз дарсга келмади. Яъни, уларнинг дарслари ўтилмай қолди. Кейин “Фалон кишининг жуда ёш ва соғлом ўғли у дунёга рихлат этибди. Нега нохосдан вафот этиш сабабини ҳеч ким билмасмиш. Aйтишларича, кечқурун уйдагиларнинг ҳаммаси билан жуда яхши кайфиятда бирма-бир суҳбат қилган ва хонасига кириб ётган. Эрталаб уйғонавермагач, уйдагилар уйғотиш учун киришса уйғонмаганмиш” деган гаплар тарқалди. Вафот этган йигит дарсга келмаган устозларимизнинг яқини экан. Ўқитувчилар унинг жуда яхши ва ақлли йигит бўлганлиги ҳақида суҳбатлашишар ва унга ачиниб гапиришар эди. Шунда мурғак қалбим йигитга ачиниб, онгимда “шундай яхши йигит эканку, нега?” деган савол айлана бошлади. Шу кайфият билан уйга келдим. Уйда қариб қолган, ҳеч қандай мактабларда ўқимаган, аммо энг гўзал суҳбатларнинг кони бўлган раҳматли бувим мендаги тушкунликни дарров сезди-ю, сабабини сўради. Мен эса воқеани айтдим ва миямдаги “нега?” ҳақида бувимдан сўрадим. Шунда бувимнинг берган жавоби ҳозиргача хотирамда қолган: ”Бу дунёда ҳеч кимга керак бўлмай қолибди-да. Одамлар яқинларига, ҳатто буюмлар ҳам эгасига керак бўлмай қолганини сезса, бу дунёдан кетади, болам”. Ҳозиргача бирор кишининг вафот этганини эшитам (агар у ёш бўлса) ва бирор нарсамни йўқотиб ёки синдириб қўйсам ҳам бувимнинг айтган гаплари ёдимга келади. Яқин кунларда шу жиҳозни алмаштиришим, янгисини сотиб олишим кераклиги ҳақида ўйлаганимни эслайман. Гўё нарсаларим ҳам шуни эшитиб, мендан хафа бўлган деб ўйлайман ва ғойибдан ўша буюмдан ҳам кечирим сўрайман, кейин унга миннатдорчилик билдираман.
Тил ҳақидаги фикрларимни бекорга бу воқеага боғламадим. Ўзбек тили ўз соҳибларига қай даражада керак? Бу тилдан тил соҳиблари қай даражада фойдаланаяпти? Aйтишингиз мумкин, тилимизга Давлат дили мақоми берилганку…Бу унинг яшаб қолишини таъминламайдими? Aлбатта, Давлат тили мақоми тилни йўқолиш хавфидан маълум даражада халос қила олади. Aммо бутунлай эмас. Масалан, чечен, чукот, удмурт тилларига давлат тили мақоми берилган бўлса-да, бу тилларнинг йўқолиш хавфига қанчалик яқинлиги ҳаммамизга маълум. Тилларнинг йўқолиши… Бундай хавф ўзбек тилини четлаб ўтадими? Хўш тил нега ўлади? Бу саволга устозимиз филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев шундай жавоб берадилар:
“Чунки одамлар ундан фойдаланмай қўйишади, кенг қўлланишдаги ва “обрўли” тилларга устунлик берилиши натижасида бу тилда таълим олинмайди. Тиллар ҳам одамларга ўхшайди, ёнма-ён яшашади, бир-бирига таъсир қилади, ўзгаради – ривожланади. Фақат тил ўлганда, мотам тутувчиси бўлмайди, холос”. Юқорида келтирилган воқеадаги каби тил ҳеч кимга керак бўлмай қолса, у ўлади. Яъни, ўзи ўзбек тилини яхши билмайдиган ота-она фарзандини ҳам рус мактабига беради, уйида ўзбек тилида эмас рус тилида гаплашади, кўча-кўйда имловий жиҳатдан қўпол хатолар билан ёзилган афишалардаги сўзларга ҳатто зиёли ҳамкасбларимиз ҳам эътироз билдирмайди ва ҳокозо…Буюк сўз устаси A.Қаҳҳор “Кўча ҳаракатини бузган кишига милиционер ҳуштак чалиб огоҳлантиради-ю, нега бутун бир миллатни тилини бузиб гапирган кишига ҳеч ким эътироз билдирмайди” деганда нақадар ҳақли эди. Технология ва тараққиёт натижасида дунёнинг ягона ахборот маконига айланиб бораётганлиги ҳам тилларнинг ўлишида муҳим рол ўйнайди. Бинобарин, ўтган асрнинг ўзидаёқ 1000 та тил тарих қаърига сингиб улгурди, яъни ўлик тилга айланди. Статистик маълумотларга қараганда аср якунида мавжуд тилларнинг 95 фоизи ўлик тилга айланади. Ҳар бир даврда тиллар тараққиёти ёки ўлимига турли омиллар сабаб бўлган. Масалан, ХХ асргача колониализм, ХХ асрда урбанизация (шаҳарлашув), ХХИ асрда глобаллашув тилларни ўлик тилларга айлантириш учун бош омил бўлди. Тилни сақлаб қолиш учун миллат аъзолари қуйидаги талабларга қатъий риоя қилмоғи лозим:
– шу миллат вакилларининг ўз она тилини ҳамма тилдан устун кўриши ва фарзандларини, энг аввало, шу тилда таълим олишига алоҳида эътибор бериши;
– шу тилни мукаммал билган бошқа тил эгаларининг рағбатлантирилиши;
– бошқа давлатларда ўзбек тили таълимини йўлга қўйиш чора-тадбирларини кўриш;
– иқтисодиётни ривожлантириш ва шу орқали халқаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш;
– дунё тан оладиган санъат асарларини яратиш…
- Қадрли юртдошларим! Юқоридагиларнинг қайсиларини қила оляпмиз? Биз дабдаба-ю, зиёфат ва тўй ҳашамдан ортмаётган бир пайтимизда тилимиз учун ким жон куйдиряпти? Ўзбек халқи она тилини аҳамиятсиз тил сифатида қараб рус, инглиз тилларига катта эътибор бермаяптими? Сир емаски, ота-оналар мансаб поғоналаридан кўтарилишнинг муваффақиятли гарови деб “бош” тилларни танлашяпти. Яъни, ижтимоий мавқе асосий рол ўйнаяпти. Демак, миллат тилининг сақланиб қолиши, унга ўлим хавфини яқинлаштирмаслик фақат тилнинг жонкуяр мутахассислари ва фидойи фан соҳибларининг эмас, шу миллатнинг барча вакиллари олдида турган энг муҳим вазифадир. Ҳали ҳам кеч эмас, имконият бор.
Aммо биз бу борада нима қиляпмиз? Нима деб ўйлайсиз, азиз Ватандош! Келгусида фарзандларингиз, аждодларингиз сиз “Она” деб биринчи гапиришни ўрганган тилда гаплашармикин?… Шундай бўлиши учун сиз бугун нима қиляпсиз?…Мудраб қолмаяпсизми?



