Жамият

Экспорт  учун тайёрланган маҳсулотлар билан танишилди

Хабарингиз бор Новосибирск губернатори Андрей Травников бошчилигидаги делегация Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Улар воҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш соҳасига катта қизиқиш билдирди.  Термиз туманида фаолият юритаётган “Голд агро фреш” МЧЖнинг маҳсулотларни қайта ишлаш, қуритиш ва музлатиш корхонасига ташриф буюрди. Ўзининг иссиқхоналар комплекси, мева-сабзавотлар етиштириш майдонларига эга корхона асосан маҳсулотларни қуритиш ёки музлатиш орқали хорижга экспорт қилиш фаолиятини олиб боради.

Меҳмонлар Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва вилоят қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари ҳамроҳлигида маҳсулотларни саралаш, қадоқлаш, музлатиш, шунингдек, қуритиш жараёнлари ҳамда экспорт учун тайёрланган маҳсулотлар билан танишди.

Шундан сўнг, делегация аъзолари Россиянинг “ЛЕТО” корхонаси таъсисчилигидаги «ТЕРМИЗ АГРО ИМПЕХ» МЧЖ хорижий корхонаси томонидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, саралаш ва экспортга йўналтирувчи логистика маркази фаолияти билан танишишди. Умумий майдони 10 гектар бўлган марказда 3 гектар иссиқхона, 4 гектар очиқ майдонлар ҳамда 3 минг квадрат метр майдонга эга музлатгичли омборхона ташкил этилган.  У Ўзбекистондан нафақат қўшни мамлакатларга, балки, дунёнинг бошқа давлатларига ҳам маҳсулотларни хавфсиз, ишончли етказадиган муҳим логистика иншооти саналади.

Йирик транспорт-логистика марказининг келажакда ўзаро товарлар экспортида маҳсулотларни саралаш, сақлаш ва етказиб беришда унинг имкониятларидан кенг фойдаланиш яхши самаралар бериши эътироф этилди.

Иссиқхона ва очиқ майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, брокколи, карам, кўкатлар, розмарин, помидор ва бодринг етиштирилади. Логистика маркази жорий йилда 2,5 млн долларлик маҳсулотни экспорт қилишни режалаштирган. Таъкидлаш муҳимки, воҳада маҳсулот етиштирувчиларга ва экспортчи корхоналарга хорижий бозорлар талабларини доимий тарзда ўргатиш, Карантин агентлигининг “Agroko‘makchi” мобил иловасида жойлаштирилган маълумотлардан самарали фойдаланиш учун барча ердан фойдаланувчиларга ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорти билан шуғилланувчиларга етказилмоқда.

Айниқса,  “Asiaexport.se” савдо платформаси орқали онлайн савдони йўлга қўйиш, хорижий давлатлардаги ваколатхоналар билан ҳамкорликда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти салоҳиятини янада ошириш учун янги қиммат бозорларга маҳсулотларни йўналтиришни ташкил этиш муҳимлиги ҳақида маълумотлар бериб борилаётир. Бу эса ўз ўрнида тадбиркорлар учун имкониятлар эшигини очмоқда.

Юсуф Тошболтаев, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассиси

 

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button