Ўсимликларнинг фитосанитар ҳолати юзасидан тегишли тартибда назорат кучайтирилган

Хабарингиз бор “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунига асосан олиб кирилаётган, олиб чиқилаётган ва транзит тарзида олиб ўтилаётган карантин остидаги маҳсулот ўсимликлар карантини объектларидан холи бўлиши ҳамда унинг ҳар бир туркуми фитосанитария сертификатларининг асл нусхалари билан таъминланган бўлиши керак. Ўзбекистон Республикаси ҳудудини зарарли ва бошқа хавфли зараркунандалардан сақлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, маҳсулотларнинг экспортбоплигини кучайтириш мақсадида хорижга экспорт қилинувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун қатор қулайликлар яратилмоқда. Шу билан бирга, Республика ҳудудига олиб кирилувчи импорт маҳсулотларининг сифати, фитосанитар ҳолати юзасидан тегишли тартибда назорат кучайтирилган.

Карантин остидаги маҳсулот олиб кирилаётганда, олиб чиқилаётганда ва транзит тарзида олиб ўтилаётганда ўсимликлар карантини қоидалари ҳамда фитосанитария талабларига риоя қилиниши кераклиги белгилаб қўйилган. Карантин остидаги маҳсулотни олиб киришга карантин рухсатномаси, экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномаси мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилиши кўрсатилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб жорий йилнинг август ойида ҳам Россия давлатидан келаётган айрим фуқаролардан карантин ости экиш матириаллари олиб кирилиши аниқланиб, ушбу маҳсулотлар шу захоти ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда карантин назоратидан ўтказилиб, қонуний чоралар кўрилмоқда. Импорт карантин рухсатномаси ва экспортёр давлатнинг фитосанитария сертификатисиз кириб келган. Турли маҳсулотларни олиб ўтаётган аксарият фуқаролар карантин рухсатномаси ва фитосанитария сертификати ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганлиги учун ҳам турли муаммолар юзага келмоқда. Таъкидлаш жоизки, карантин объектлари билан мамлакат ҳудудига кирган зарарли организмлар кенг миқёсда тарқалиб, иқтисодиётга жиддий зарар етказади. Ана шундай хавфни бартараф этиш мақсадида карантин инпекторлари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сафарбой Жўраев “Термиз Ҳалқаро Аэропорти” карантин давлат инспектори



