2025 йил ҳосили учун ғалла экиш мавсумига тайёргарлик бошланди

Мамлакатимиз аҳолисининг дон ва дон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, дон мустақиллигига эришиш ҳамда барқарорлигини таъминлаш борасида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ушбу чора-тадбирлар негизида республикамизнинг ўзгарувчан ва мураккаб тупроқ-иқлим шароитида маҳаллий шароитларда мос, серҳосил, дон сифати юқори, касаллик ва зараркунандаларга чидамли кузги буғдой навларини яратиш, уруғчилигини ривожлантириш, турли тупроқ-иқлим шароитида кузги буғдой навларидан юқори ва сифатли дон ҳосили олиш агротехнологиясини ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этиш каби вазифалар белгиланган. Бу борада Сурхондарё вилоятида ҳам ишлар жадал суръатлар билан олиб борилмоқда.

Куни-кеча Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов 2025 йил ҳосили учун ғалла экиш мавсуми олдидан ер майдонларини тайёрлаш, уруғ, минерал ўғитлар захирасини жамғариш, техника ва сеялкаларни мавсумга ҳозирлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ҳамда мавсум олдидан ташкил этилган семинарда иштирок этиш мақсадида Ангор ва Шеробод туманларига ташриф буюрди. Хусусан, Ангор тумани “Ш.Рашидов” ҳудудидаги “Замин Ангор кластер” МЧЖнинг 10 гектарлик, Шеробод тумани “В.Қодиров” ҳудудидаги “Назокат АСУ” фермер хўжалигининг 14 гектарлик дала майдонларида 2025 йил ҳосили учун ғалла экиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари юзасидан кўргазмали семинар ўтказилди. Меҳнатдан қочмаган, астойдил ният қилган, қиш қаҳридан, саратон чилласидан қўрқмай, ерга меҳрини берган кишининг меҳнатига барака киради. Бу ҳақида вилоятнинг аграр тармоққа тегишли соҳа масъуллари, фермерлар иштирокида келгуси йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш мавсумини юқори тайёргарлик билан ташкил этишга бағишланган кўргазмали-амалий семинарда таъкидлаб ўтилди.

Деҳқончиликнинг боши уруғдан, уруғ сифатли бўлса, ҳосил мўл бўлади, – деди Вилоят ҳокими. – Кузги бошоқли дон экинларини экиш ва етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа ресурсларнинг фермер хўжаликлари бўйича аниқ ҳисоб-китобини ишлаб чиқиш, ғалла экишни уюшқоқлик билан ташкил этиш юзасидан ишчи гуруҳ фаолияти ташкил қилинади. Шунингдек, семинар давомида уруғлик ғаллани тайёрлашга эътибор қаратиш зарурлиги, шунингдек, техникаларнинг мавсумга тайёргарлиги, ҳақида сўз борди. Бу борада соҳа вакилларига тегишли кўрсатмалар берилди. Унда кузги бошоқли дон экинларини экиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишни мувофиқлаштириб бориш зарурлиги айтилди. Дон экинларини навлар бўйича жойлаштириш юзасидан тажрибали мутахассислардан иборат алоҳида гуруҳ тузиш, ҳудудлар, фермер хўжаликлари ва кластерлар ерлари контурлари яхлитлигини таъминлаш, экиш билан бирга фосфорли ва калийли минерал ўғит захирасини тўлиқ яратишни ташкил этиш вазифаси юкланди.

Таъкидландики, кузги буғдой экиш олдидан экиладиган майдонни сифатли тайёрлаш зарур. Шунингдек, бу борада буғдой экишдаги муҳим тавсиялар ҳам тингланди. Мамлакатимизнинг суғориладиган майдонларида етиштирилаётган буғдой навларини уларнинг биологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда жойлаштириш, органик ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, бегона ўт, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, шунингдек, кузги буғдой дон ҳосилдорлигини ошириш мақсадида навларни тўғри танлаш, сараланган юқори сифатли уруғларни экиш талаб этилади. Шу билан бир қаторда, янги истиқболли навлар учун қўлланиладиган янги агротехнологик тадбирлар мажмуи шу жойнинг табиий шароитидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилиб, ғаллакорларга тавсия этилиши яқин келажакда ўзининг юқори самараси бериши таъкидланди. Вилоят раҳбари олиб борилаётган ишлар юзасидан соҳа масъуллари ва туман мутасаддиларининг ахборотини тинглади.
Маълумот учун, 2025 йил ҳосили учун Шеробод туманида 10 700 гектар, Ангор туманида 6 5000 гектар майдонга уруғ қадалиши режалаштирилган.

Шунингдек, семинарда куннинг яна бир долзарб мавзуси бўлган пахта ҳосилини нес-нобуд қилмай йиғиб-териб олиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ғалла экиш мавсумига пухта ҳозирлик кўриш ҳамда пахта теримини самарали олиб бориш, экиш отрядлари ҳамда теримчилар учун далаларда зарур шароитларни яратиш, техникаларнинг шайлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Усмон Туропов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантин ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи



