БУ ЭЛДАН ҲЕЧ ҚАЧОН ОҚИБАТ, ХАЙР-БАРАКА КЎТАРИЛМАЙДИ

Миллий мустақиллигимиз эл-юрт учун жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш, шу жумладан, ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиб, эришаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаси бўлиб келмоқда.
Янги Ўзбекистонинг равнақи ва аҳоли фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, қадоқ қўли ва фидойи қалби билан элимизнинг ризқ-насибасини яратаётган, ўз ишининг устаси бўлган моҳир деҳқон ва фермерлар, боғбонлар, чорвадор ва пиллакорлар, сувчилар ва ирригаторлар, агроном ва механизаторлар, агрокластерларнинг раҳбарлари ва ишчи-ходимлари, деҳқон хўжалиги раҳбарлари, соҳанинг жонкуяр олимлари билан бир қаторда Ўсимликлар карантин ва ҳимояси соҳаси вакиллари ҳам муносиб меҳнат қилиб, бу борада ютуқ ва эътирофларга эришмоқда.

Улар ҳам кўп йиллик фидокорона меҳнатлари билан мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожини янги босқичга кўтариш ва уни комплекс модернизация қилиш, соҳага инновацион технологиялар, замонавий илм-фан ютуқларини, кластер тизимини кенг жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштириб, эл-юрт фаровонлигини юксалтириш, дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлашга қўшган муносиб ҳисса қўшаётир. Айтиш муҳимки, ҳар бир байрам арафасида соҳа вакилларининг меҳнатлари муносиб рағбатлантирилади.

Аграр секторда ислоҳотларни, давлат дастурларини муваффақиятли амалга ошириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги байрами арафасида Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон ака Туропов томонидан бир гуруҳ ходимлар бошқарманинг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Айтиш муҳимки, кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқни кўзлаган ҳолда амалга ошираётган туб ислоҳотлари самараси ўлароқ, тизимда салмоқли натижаларга эришишда муҳим омил бўлмоқда, – деди Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон ака Туропов. – Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ердан унумли фойдаланиш, айниқса, томорқани даромад манбаига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли энди ўзимизда ҳам турли полиз маҳсулотларини, ҳатто қулупнайни ҳам исталган пайтда сотиб олиш мумкин. Барча ҳудудлардаги аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этиш орқали таъминланаётган бундай тўкинлик нафақат эҳтиёжимизни қондириши, балки иқтисодий самарадорликка олиб келиши билан аҳамиятли.

Дарҳақиқат, меҳнат қилган элда азиз бўлиши баробарида машаққатларининг роҳатини албатта кўрар экан. Ёмғир билан ер кўкарар, меҳнат билан — эл, дейди доно халқимиз.
Вилоятимиз қишлоқ хўжалигинг ривожлантириш соҳасида уни равнақ топишида, мўл ҳосил етиштиришда ўсимликларни турли хил касалликлар ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш муҳим жиҳат ҳисобланади. Йилнинг тўрт фаслида ҳам бирдек сергак фитосанитар давлат карантин инспекторлари ер билан тиллашади, она замин дардини туяди. Бир сўз билан айтганда мамлатимиз озиқ – овқат хавфсизлиги йўлида улар кунни – тунга улайди. Уларнинг фидокорона меҳнатлари самарасини хар куни ўз дастурхонида кўрадиган воҳадошларимиз бу йилги мавсум қандай оғир ва мураккаб кечганини яхши биладилар. Табиат инжиқликлари, ёз фаслидаги сув танқислиги, турли хашорат ва касалликлар экин-тикинларга хавф туғдиргани вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ходимларини яна бир бор жиддий синовлардан ўтказди. Ана шундан қийинчиликларга қарамасдан жорий йилда вилоятимиз бўйича ғаллачилик, боғдорчилик, полиз маҳсулотларини етиштиришда катта ютуқларга эришимоқда.

Жорий йилда пахта далаларидан ҳам мўл-кўл ҳосил олиш режа қилинган. Ерга чигит қадашдан, яганалаш, ғўза майдонларига биомаҳсулотлар тарқатиш ва дефолация ишларининг бир текисда ташкил этилганлиги, қолаверса, агротехник тадбирлар сифатли ўтказилганлигини айтиб ўтиш жоиз. Ҳар галги ҳосил мавсумлари Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари ва унинг туман бўлимлари фитосанитар инспекторлари зиммасига катта масъулиятларни юклади. Соҳа вакиллари ўз бурчларини астойдил бажариб келмоқда. Саховатпеша, олийҳиммат, эл-юрт манфаатларини ўз манфаатидан устун қўювчи замондошларимиз бор экан, бу элдан ҳеч қачон оқибат, хайр-барака кўтарилмайди.
Рахмиддин Қодиров, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош мутахассиси



