Жамият

Қишоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда Global G.A.P стандартининг  роли

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишдаги яна бир муҳим жиҳат

Ўзбекистон Республикаси фақат ўзи етиштираётган пахта толаси билан эмас, балки бутун дунё халқлари яхши кўриб истеъмол қиладиган мевалари, узумлари,сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан машҳур бўлиб, уларнинг кўпгина турлари ва навлари бошқа мамлакатларда учрамайдиган хаммани ўзига тортадиган таъми ва хушхўрлиги билан алоҳида ажралиб туради. Ўзбекистонда етиштирилаѐтган мева-сабзавот маҳсулотлари иқлим шароитининг жуда қулайлиги туфайли мана шундай  ноёб бўлганлиги учун ҳам жаҳон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорида юқори  даражада рақобатбардошдир.

Бугунги кунда Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ўта қимматли навларини етиштириш ва қайта ишлаш, уларни экспорт қилиш соҳасида катта салоҳиятга эга. Аграр секторда экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уни қайта ишлайдиган саноатни етакчи ўринга кўтариш қишлоқ хўжалигида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди. Ушбу вазифани ҳал қилиш,  мамлакатимиз раҳбари  бир неча бор таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифатини ҳамда уни қайта ишлайдиган корхоналарнинг самарадорлигини оширишни, ички ва ташқи сотиш бозорларини янада  кенгайтиришни талаб қилмоқда. Айни вақтда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ҳамда уни етиштирувчи ва ишлаб чиқарувчилари фаолиятининг самарадорлигини ошириш биринчи навбатда қишлоқ ва сув хўжалигининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга  олган ҳолда ҳалқаро стандартларни қўлланилишини амалга ошириш заруриятини  келтириб чиқармоқда. Шунинг учун ҳам аграр соҳада фаолият олиб бораётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчи ва ишлаб чиқариш корхоналарида халқаро стандартларни жорий этиш усулларини яратиш зарур. Аграр соҳани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатини ошириш уларни халқаро рақобатбардошлигини таъминлашда жаҳонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда сифатни таъминлашга  йўналтирилган стандартларни ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича жаҳонда юқори кўрсатгичларга эга халқаро Global G.A.P. стандартини Ўзбекистонда жорий этиш  ҳозирда бажарилиши керак бўлган ишлардан биридир.  Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва  хавфсизлигини таъминлашда халқаро Global G.A.P стандартини жорий этишнинг  ўрни ва аҳамияти жуда мухим омиллардан биридир.

Global G.A.P стандартини пайдо бўлиши ХХ – аср охирларига келиб Европада  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлашда долзарб  муаммолар юзага кела бошлади. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарда ўз бизнесида озиқ-овқат хавфсизлигига билан боғлиқ таҳдидларни минимум даражага тушириш учун, савдо тармоқларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича янги  стандарт ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлди.  Шу тариқа юзага келган стандарт GAP: (Euro-Retailer ProduceWorking Group) – озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси масалалари бўйича европа ишчи гуруҳи ва GAP (Good Agricultural Practice) – Қишлоқ хўжалигини яхшилаш амалиёти номини олди.

Global GAP – бу қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун  биринчи даражали стандарт бўлиб, қишлоқ хўжалик экинларини экиш вақтидан то маҳсулотларни йиғиб олишгача бўлган, агар чорвачиликда бўлса ишлаб чиқаришга  киришиш вақтидан оралиқ маҳсулот ҳолатига келгунча (боқиш ва сўйиш) бўлган  даврда барча ишлаб чиқариш жараёнларини қамраб олган меъёрий ҳужжатдир.

Global GAP стандарти EUREPGAP (бутун жахон бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларига стандартлар, сертификатлаштиришга талабларни ўрнатувчи хусусий идора) томонидан чоп этилади. Ушбу стандартнинг асосий мақсади қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш жараёнининг барча жабҳаларини кузатиш орқали уларни етиштириш  даврида сифатига салбий таъсир этувчи омиллар ва хавф-хатарлар даражасини  минималлаштиришдан иборатдир. ХХ аср ўрталарида ишлаб чиқилган НАССР (Hazard Analysis and Critical Control Point — киритик назорат нуқталари ва хавф хатарлар таҳлили) тизимидан  фойдаланган ҳолда Global GAP стандарти озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва  хавфсизилигини ошириш мақсадида қўлланма сифатида яратилди.

Унинг асосига қуйидаги тамойиллар киритилган:

– хавф-хатарлар (хавфли омиллар) таҳлилини ўтказиш. Жараён таркибидаги операциялар рўйхатини тайёрлаш, қўлланиладиган назорат усулларини баён этиш,  аҳамиятга эга бўлган хавф-хатарларни юзага келиши мумкин бўлган босқичларни  аниқлаш лозим. Хом-ашёни олишдан бошлаб то якуний маҳсулотгача бўлган барча босқич жараёнларини тўлиқ акс эттирувчи ишлаб чиқариш жараёнларининг блок-схемаси тузилади. Схема тузилганидан сўнг, ҳар бир босқичда юзага келиши мумкин бўлган барча мавжуд хавфли омиллар идентификацияланади яъни бунда ахамиятга эга хавфларни аниқлаш учун хавф-хатарлар даражаси аниқланади ва уларни назорат  қилиш учун зарурий чора-тадбирлар баён этилади. Бу хавф-хатарларни таҳлил қилиш  HACCP тизимида асосий босқичи бўлиб ҳисобланади.

– критик назорат нуқталарини (КНН) ўрнатиш.

Хавфли омиллар таъсири  эҳтимоллигини минимумга келтириш ёки қайтарилмаслиги учун назорат қилиниши  зарур бўлган жараён босқичлари ва операциянинг критик нуқтаси аниқланади.

– параметрларнинг юқори қийматлари (критик чегаралари)ни ўрнатиш. Ҳар бир  аниқланган КНН бўйича назорат чора-тадбирлари қўлланилади .

– КНН назорат қилиш учун мониторинг тизимини ишлаб чиқиш.

КНН назорат қилиш процедурасини, кузатиш ва ўлчашларнинг даврийлик тизимини, яъни ўрнатилган чегаралар доирасида КНН ҳолатини тасдиқлаш мақсадида аниқлаш лозим. Режалаштирилган синовлар ёки ўлчашлар ёрдамида критик назорат нуқталарини назорат қилиш имконини берувчи мониторинг тизими яратилади. Бу тизим  маҳсулотларда зарарли кимёвий моддалар йиғилиши ҳамда уларни микробиологик ва  механик ифлосланишдан ҳимоялаш шароитларини яратади.

Global GAP сертификати – аниқ бир қишлоқ хўжалик маҳсулотини етиштириш  даврида сифат ва хавфсизик бўйича ўрнатилган барча талаб ва тавсияларни тўлиқ  бажарилганлиги кафолати ҳисобланади.

Global GAP сертификатлаштириш жараёнида қишлоқ хўжалик маҳсулотини етиштириш давридаги барча агротехнологиялар устидан тўлиқ текширишни назарда  тутилади. Маҳсулотни етиштириш агротехнологиясига қуйидагилар киради:

– тупроқ;

– уруғ/кўчатларга оид материаллар;

– ўғитлаш тизими;

– суғориш;

– ўсимликларни ҳимоя қилишни интеграллашган тизими;

– ҳосилни йиғиштириш;

– йиғим-теримдан кейинги ишни якунлаш;

– маҳсулотни сақлаш;

– ходимларни малакаси;

– меҳнат гигиенаси ва техника хавфсизлиги;

– техника ҳолати;

– маҳсулотни кузатиш;

– атроф муҳитни муҳофазалаш.

Халқаро амалиёт тажрибаси Global GAP сертификатлаштириш тизимига ўтишни афзалликларини тасдиқлаб, озиқ-овқат хавфсизлигининг ишончли даражада ошгани ҳамда маҳсулот соҳталаштирилиши хавфи пасайишини кўрсатди, шунингдек,   мувофиқликни тасдиқлаш жараёнига йўналтирилган сарф харажатларнинг камайиши  таъминланади.Ушбу тизим халқаро ҳамжамиятда сифатни таъминловчи ягона умумлашган тизимни киритишга, маҳсулотнинг бутун ҳаракатланиш йўлини қамраб олишни  таъминлашга, кўп марта такрорланувчи сифат аудитини олдини олишга,  сохталаштириш имкониятини йўқ қилишга ва истеъмолчиларнинг ўсиб борувчи талабларини қондириш даражасини оширишга ёрдам беради. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигига етиштириш давридаги турли хил салбий омилларни таъсир кўрсатишини ҳисобга  олган ҳолда дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида Global GAP стандарти қўлланиб  келинмоқда.

Ҳозирги пайтда Республикамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини  етиштириш даврида агротехник тадбирларнинг сифати ва хавфсизлигини  таъминловчи халқаро даражада тан олинган ёки уйғунлаштирилган меъёрий  хужжатлар етарли эмас. Бу ҳолат халқаро (Европа) бозорларда истеъмолчилар томонидан Global GAP  сертификати талаб этилаётган даврда, ушбу стандарт республикамиз фермер  хўжаликларининг эътиборидан четда қолиши қишлоқ хўжалик маҳсулотларимизни  халқаро бозорларда ўз ўрнига эга бўлишда тўсиқларни юзага келтириши мумкин. Ҳозирги вақтда юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти, сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек савдодаги техник  тўсиқларни бартараф этиш муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда Global GAP стандартини жорий қилиш ва уни асосида маҳсулотларни сертификатлаш жараёнлари ва экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифатини халқаро талабларга мувофиқ самарали назорат қилиш  масалаларини ҳал этишда бир қатор қийинчиликлар мавжуд. Масалан, халқаро талабларга жавоб берадиган лабораториялар ва  малакали  мутахассисларни етишмаслиги ва бошқалар шулар жумласидан.

Демак, республикамиз қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган  маҳсулотларининг халқаро бозорларида мустаҳкам ўрин эгаллаши учун қишлоқ  хўжалик  маҳсулоти етиштирувчиларнинг Global GAP тизими бўйича  сертификатлаштирилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Даврон Мирзақулов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фитосанитория назорати ва мониторинг бўлими бошлиғи

Мунира Холмуродова, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Шеробод тумани бўлими давлат инспектори

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button