Бугунги кунда фермерлар томонидан биомаҳсулотларга қизиқиш янада ортган

Ғалла ҳосили салмоғи бугунги ҳаракатга боғлиқ. Дарҳақиқат, баҳор ойларида ғаллани парваришлаш жараёни деҳқонлардан жиддий масъулиятни ва алоҳида эътиборни талаб этади. Маълумки, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда биологик усулнинг аҳамияти ортмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу усул табиатдаги кушандалардан унумли фойдаланиш (қириб юбормаслик, экинлар орасига энтомофагларни жалб қилувчи ўсимликлар экиш), энтомофагларни (трихограмма, бракон ва олтинкўз) биолабораторияларда кўпайтириб, далага мавсумий чиқариш ҳамда микроорганизмлар асосида яратилган биопрепаратлар қўллашга асосланган. Республикамизда ҳашаротларга қарши курашда асосий эътибор биологик усулга қаратилаётгани бежизга эмас Биолабораторияларда юқори сифатли биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб,технологик жараёнларга эътибор кучайтирилган. Шунингдек, биомаҳсулотлар етиштириш хоналари талаб этиладиган ҳарорат, намлик, ёруғлик билан таъминланиши, сифатли озуқа тайёрлаш учун ишлатиладиган махсус асбоб-ускуналар ва бошқалар билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ана шундагина сифатли биомаҳсулот кўпайтиришга ва унинг натижаси ҳам самарали бўлишига эришилади.

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ва туман бўлими фитосанитар назорат давлат инспекторлари томонидан воҳанинг барча ғалла майдонларида биомаҳсулотлар сифати ва ундан самарали натижага эришиш қоидаларига амал қилиш бўйича мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Энг муҳими, бугунги кунда фермерлар томонидан биомаҳсулотларга ва биологик усулда зараркунандаларга қарши курашишга қизиқиш янада ортган. Бу эса ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларини зарарли ҳашоратлардан сифатли ҳимоя қилиб, келгусида мўл ҳосил олишга замин яратиши билан аҳамиятлидир. Барча жойларда бўлгани каби Бандихон туманида ғалла экин майдонларига биомаҳсулот чикариш ишлари ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Биргина тажрибали агроном Улжан Мамаражабова бошчилигидаги “Бандихон янги” биолабораторияси ходимлари ҳам бу йилги ҳосилдорликнинг мўл ва баракали бўлишида ўз ҳиссаларини қўшишни ният қилган. Улар томонидан ҳудуднинг 3.5 гектар пахта ва ғалла майдонига сифатли биомаҳсулот етиштирилади. Жумладан, “Хурмозор”, “ Нишон”, “Вакт ва имконият» , “Абдулла барака” фермер хўжалигида етиштирилаётган далаларга ширага “Олтинкўз” биомаҳсулоти тарқатилмоқда.
Биомаҳсулот етиштиришнинг ўзига хос жиҳатлари бор, Айниқса, хонадаги ҳарорат талаб даражасида бўлмаса биомаҳсулотлар сифатига салбий таъсир қилади,- дейди Улжан Мамаражабова – Масалан, олтинкўз етиштириш хонасидаги ҳарорат 22-25 градусдан ошмаслиги керак. Тозаликка риоя этиш, озуқа захирасини яратиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Биз бу борада тажрибага эгамиз. Қолаверса, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Бандихон тумани фитосанитар назорат давлат инспекторлари билан доимий ҳамжиҳатликда иш олиб бораяпмиз. биолабораторияларда кўпайтирилаётган биомаҳсулотлар қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши биологик усулни кенг майдонларда қўллаш имкониятини яратмоқда. Биомаҳсулот сифатли бўлса ҳамда далага тарқатиш қоидаларига риоя қилинса, кўзланган натижага эришилади.

Хар бир фермер ва кластерлар ўз олдига ғалладан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришни мақсад қилган. Натижага эришиш учун албатта ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида маромига етказиб бажарилиши лозим.
Д.Мирзақулов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фитосанитория назорати ва мониторинг бўлими бошлиғи



