Сурхондарё янгиликлари

ЭРТАНГИ ҲОСИЛ, КУТИЛАЁТГАН ДАРОМАД ЎЗ ВАҚТИДА ҚИЛИНГАН АГРОТЕХНИК ЧОРА-ТАДБИРЛАРГА БОҒЛИҚ

"Долзарб 40 кунлик" тадбирлари давом этмоқда

Ғалла дастурхон кўрки, фаровонлигимиз тимсоли. Аммо сир эмаски, буғдой етиштиришнинг ўзига хос машаққатлари бор. Бугун  далаларимизда бир текис униб-ўсиб  турган ғаллазорлар кўзни қувонтиради. Ушбу майдонлар пайхон бўлишига йул қўймаслик ва донни нест-нобуд қилмай йиғиштириб  олиш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Агентлиги томонидан Бошоқли дон экинларини занг ва бошқа касалликлари, бегона ўтлар ҳамда зараркунандаларнинг тарқалишини олдини олиш юзасидан “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

Дастурхонимизни тўкин,  қорнимизни тўқ қиладиган нон машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирилади. Бунинг учун ғаллакор бир зум бўлсада тиним билмайди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ерни шудгорлайди. Дон экишга ерни тайёрлайди. Сўнгра сифатли уруғ, ёқилғи сотиб олиб донни экади. Дон униб чиққач суғоради, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантиради. Турли ҳашаротлар ва касалликларга қарши агротехник тадбирларни амалга оширади. Минг машаққат билан ўрим-йиғим ишларини бошлайди. Хуллас донни нон бўлганга қадар, дон етиштирувчи ғаллакорни, уни турли хил занг ва унга ўхшаш касалликлардан ҳимоя қиладиган мутахассисларни,  уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантирувчи ишлаб чиқарувчини ўзига яраша  меҳнати, машаққати бор.

Бугун Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари ва туман бўлими инспекторлари,  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти Сурхондарё  филиали туман бўлими  илмий ходимлари  жойларда  фермер хўжалиги далаларидаги ғалла майдонларини дорилаш ишларига бош-қош бўлишаётир. Мавсумий керакли агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Зеро, ҳар бир давлатнинг иқтисодий салоҳияти, аҳолининг турмуш тарзи, дон ва дон маҳсулотлари билан таъминланиш даражасига боғлиқ.

– Фермер ерга донни қадагач, умид билан ерга, кўкка боқади. Ҳар қандай шароит бўлмасин, қишни қиш, баҳорни баҳор демай, об-ҳаво инжиқликларига чап бериб, тиним билмайди. Елиб-югуради, меҳнат қилади. Эртанги ҳосил, кутилаётган даромад, ризқ-насиба ана шу меҳнатга, елиб-югуришга, ўз вақтида қилинган агротехник чора-тадбирларга боғлиқ, – дейди Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хислат Чориев. – Шу сабаб дон ҳосилдорлиги, сифати, етиштириладиган ялпи дон ҳосилини барқарорлаштиришга қаратилган ҳар қандай тадбир мутахассислар назорати ва эътиборида. Ғалла майдонларида сариқ занг, қўнғир занг ва бошқа касалликлар, бир йиллик икки паллали, кўп йиллик икки паллали бегона ўтлар, бошоқли бегона ўтлар, зарарли хасва, шилимшиқ қурт, шира, трипс ва бошқа зараркунандаларнинг тарқалишини олдини олиш ҳамда зарарли организмлар кузатиладиган майдонларда қарши зарурий кураш чораларини олиб бормоқдамиз.

Тизимли кузатувни ташкил этиш, ғалла ҳосилини етиштирувчи хўжаликлар билан биргаликда экинларни ҳимоя қилиш ишларининг ўз вақтида бажарилиши ва кимёвий воситалар захирасининг мавжудлиги ҳамда кимёвий ва биологик ишловларни ўз вақтида ўтказиш бўйича мунтазам равишда фитосанитар назорат олиб борилмоқда. Танланган ҳудудларда “Novapeat R” органик моддаси орқали ғалла майдонлари озиқлантирилмоқда.

Вилоятнинг барча туманларда ғаллани озиқлантириш  ишлари давом этаётир.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button