Жамият

ЯХШИ АНЪАНАЛАР ДАВОМ ЭТАДИ

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари  ва  туман бўлими инспекторлари  “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остидаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарида фаол иштирок этиб,  ушбу хайрли ишга ўз ҳиссаларини қўшди.

Маълумки, халқимизда азалдан тозалик ва орасталикка, ободончилик ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис ҳудудларда “Маҳалламга 10 туп дарахт – менинг туҳфам” ташаббуси доирасида маҳалладаги бўш турган ерларга, кўча бўйлари, ариқлар атрофи ва аҳоли хонадонларига мевали, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Дарахтларга шакл бериш, оқлаш, томорқаларни  чопиб, тартибга  келтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Воҳа инспекторлари аҳоли томорқасида  экилаётган ниҳолларни ҳам кўздан кечиришди, керакли тавсиялар бериб, кўкаламзорлаштириш  ишларига кўмаклашди.

Вилоят ҳокимлигидан  олинган маълумотларга кўра вилоят бўйича  умумхалқ ҳашарнинг дастлабки куни воҳада 183 минг 134 туп мевали,171 минг 760 туп манзарали дарахт, 347 минг 172 дона гул кўчати ўтқазилди. Еттита янги боғ барпо этилди. Уч кунлик умумхалқ ҳашарида 1 миллион 100 тупдан ортиқ мевали, манзаралари дарахт ва 1 миллион 185 донадан зиёд турфа гул кўчати ўтқазилади.

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, меҳнат жамоалари, маҳаллаларида теварак-атрофни ободонлаштириш, тозалаш, кўчат ўтқазиш юмушлари  қизғин  олиб  борилмоқда. Зеро, юртимизда турли байрамлар, муқаддас саналар олдидан умумхалқ ҳайрия хашарини ўтказиш ва шу орқали ҳудудларни ободонлаштириш яхши анъанага айланган.  Эътиборлиси, ободликка қаратилган ҳаракатлар ўзбек халқининг тўю-тантаналари, марака ва турли байрамлари сабабли ҳамда бунёдкорлик ишларида янада яққол кўзга ташланмоқда. Фақат ўзимизгагина хос бўлган ҳашарнинг қадрият даражасига кўтарилгани ҳам бежиз эмас. Зеро, хал­қимиз ҳашарни меҳр-оқибат, ишонч ҳамда дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи восита сифатида эъзозлаб келади.

Хислат Чориев, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Рахмиддин Қодиров, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси  Ахборот-таҳлил бўйича бош мутахассиси

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button