БАҲОРНИНГ ҲАР БИР КУНИ ДЕҲҚОН УЧУН ҒАНИМАТ

Ердан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида маромига етказиб бажариш, мавжуд ресурслар, минерал ва маҳаллий ўғитлар ҳамда суғориш сувидан унумли фойдаланиш, ҳар бир деҳқон, пахтакор ва фермернинг асосий бурчидир. Ҳудудларда мавжуд ер майдонларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, чигит экиш ишларига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда бу борадаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида Жарқўрғон туманида семинар ўтказилди.
Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида туман сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқарма ва ташкилотлар бошлиқлари, туманлар ҳокимларининг соҳага масъул ўринбосарлари, фермер хўжаликлари ҳамда пахта ва тўқимачилик кластерлари раҳбарлари, олимлар ва мутахассислар иштирок этди. Дастлаб тадбирда сўзга чиққанлар йиғилганларни янги мавсум ҳамда яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан табриклаб, чигит экиш, уни парвариш қилишдаги энг муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтишди.
– Баҳор фаслида кунлар исиши билан далаларда деҳқончилик ишлари бошланади. Баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билган деҳқон борки, ерга уруғ қадайди. Мақсади мўл ҳосил олиш, – дейди Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов. – Эрта баҳорнинг ҳар бир куни деҳқон учун ғанимат ва бу жараёнда экин ишларини оби-тобида олиб бориш эртанги мўл-кўл ҳосил олиш гаровидир. Бошқача айтганда, халқимиз дастурхонининг тўкинлигини таъминлаш, ризқ-рўзимизнинг бутун бўлиши бугунги пухта тараддуд ва саъй-ҳаракатга боғлиқ. Чигит белгиланган муддатларда экилса эртаги, бир текис ва соғлом кўчат олинади. Бунга уруғ юмшоқ, нам ва ҳарорати етарли бўлган тупроққа қадалганида эришилади. Чигитни муддатидан олдин ёки кеч экиш кутилган натижани бермайди. Тупроқ ҳарорати 10 сантиметр чуқурликда 13-14 градусга етганида чигит уруғини қадаш учун энг қулай муддат саналиб, уруғ қисқа кунларда кўтарилишни бошлайди. Туксиз чигит туклига нисбатан 5-6 кун кечроқ экилади. Деҳқончиликда бир кун эрта ҳаракат қилган ҳам ютади.

Жарқўрғон тумани “Жайронхона миришкор” ҳудудида жойлашган “Оққўрғонлик Асадбек” фермер хўжалиги даласида ўтказилган семинарда соҳа мутахассислари ва кўп йиллик тажрибага эга фахрийларнинг тавсия ва маслаҳатлари тингланди. Воҳанинг жанубий ҳудудларида тупроқ намлиги ва ҳаво ҳароратининг чигит экиш учун мос даврда эканлигини қайд этилди.
Маълумот ўрнида таъкидландики, жорий йилда Сурхондарёда 72 минг 270 гектар майдонда чигит қадаш режалаштирилган бўлиб, мавсумни сифатли ва қисқа муддатда якунлаш мақсадида 191 та отрядга 1 280 та чопиқ тракторлари, 660 та сеялка, 2 640 та тишли бароналар бириктирилган. Семинарда ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитлари ва тупроқ намлигини ҳисобга олиб, чигит экиш ишларини босқичма-босқич олиб бориш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, ўтган йилда пахтачиликда эришилган натижаларни янада яхшилаш, фермер хўжаликлари учун пахта етиштиришда яратилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланишлари учун шароитлар яратиш, уларнинг янги қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларини харид қилишлари учун кўмаклашиш бўйича соҳа мутасаддилари ҳамда тижорат банкларига вазифалар топширилди. Шундан сўнг, мазкур фермер хўжалиги даласида ер майдонини чигит экишга тайёрлаш, бароналаш, янги замонавий сеялкада чигит экиш ишлари амалий тарзда кўрсатиб берилди. Янги сеялканинг афзаллиги чигит экиш билан бир вақтда минерал ўғитлар билан ҳам ишлов бериши, уруғларнинг ўз вақтида ва сифатли унуб чиқишини таъминлаши қайд этилди.
Тадбир доирасида вилоятнинг нуроний отахонлари, тажрибали деҳқон ва фермерлар иштирокида йил сердаромад келиши, ерга қадалаётган чигит баракали бўлиши ният қилиниб дуога қўл очилди.



