Чақмоқсиз ҳам чиқаверар, қўзиқоринлар!

Болалигимизда ҳар баҳор момақалдироқ гумбурлашини интиқ кутардик. Чақмоқ-чақиши биз учун катта байрамга айланиб кетарди. Биримиз уйимизнинг ён атрофини, яна биримиз эса томорқамизнинг ҳар чеккаларини, бошқа бировимиз сойлик ёнбағрида ер сингалаб йил давомида орзиқиб кутадиганимиз пакана-ю катта бошли, мазаси эса тотимли қўзиқоринчаларни қидирардик, улар ҳам беихтиёр бизни кутгандек, ер тагидан секингина мўралаб туришарди. Ҳар ким топганини онасига элтарди. Иссиққина ёғда қизариб пишган “каттабошлар”ни оила даврасида тановул қилишнинг гашти бошқача эди ўша онлар. Бугун эса ҳеч ким момақалдироқни кутмайди, қўзиқоринларни териш ҳам шарт эмас. Бозор тўла қўзиқорин. Қўзиқоринчилик ҳам замонавийлашиб кетди. Уддабурон одамлар гумбур-гумбурларсиз ҳам қўзиқорин етиштириш билан шуғулланиб келаётганига нима дейсиз?
Музработлик Муяссар Оқмуродова ҳам болалигида еган қўзиқоринлари мазаси оғзида қолган шекилли ҳеч иш топа олмагач, турмуш ўртоғи билан кредит олиб, қўзиқоринчиликда ўзини синаб кўришга чоғланди. Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади, агротехник тадбирларни тўғри бажарсанг, қўзиқорин ҳам пишади, дея енг шимариб қўзиқорин етиштиришга уринган эри-хотин бугун ҳосилни кўриб, хурсандчилик нашидасини сураётир.

Тумандаги “Юртим жамоли” маҳалласида кичиккина томорқадан ҳам каттагина даромад топишни мақсад қилган ушбу ёш оила “Ёшлар дафтари — имкониятлар дафтари” эканлигини росманасига англай олган ва олинган кредитни мақсадли ишлата олгани учун ҳам бугун юзи ёруғ, етиштирилаётган қўзиқоринларининг бозори чаққон.
Иссиқхонада исинибгина пишаётган қўзиқоринлар бир оилани гуллатаётир, десак адашмаган бўламиз. Тадбиркорликнинг ҳадисини олган оила йилда 4 маротаба ҳосил олишни режалаштирган бўлиб, ҳар бир ҳосил 400 килограмни ташкил этади. Ҳар терилганда 400 килограмдан ҳосил олиниб, йил давомида жами 1 тоннаю 600 кг қўзиқориндан 72 миллион сўм даромад топиш кўзланган. Аввалига иккиланиб, ийманиб “эплаб кета оламизми, куйиб қолмасмикинмиз” дея бошланган қўзиқоринчилик олинган 15 миллион кредит маблағини қоплаб, кўзланганидан-да кўпроқ даромад келтираётгани эса оилабошиларнинг ишга нисбатан иштаҳасини ошириб юборди. Демак, одам қилган ишни одам қилса бўлади. Воҳамизда қўзиқоринчилик ҳали кўпам ривожланмаган эрса-да музработлик ёш оила бунинг уддасидан чиқди. Бу борада уларга Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси туман бўлими давлат инспекторлари яқиндан кўмак беришаётир. Доимий мониторинг ишлари олиб борилаётир.

– Вохамизнинг баъзи жамоа хўжаликлари ва хонадонлардаги махсус иссиқхоналарда истеъмол учун яроқли бўлган “Вешанка” ва “Шампиньон” каби қўзиқорин турларини етиштириш ва савдо қилиш учун рухсат берилган, – дейди Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Музрабод туман бўлими инспектори Мансурбек Сулаймонов. – Ушбу етиштирилаётган қўзиқоринлар ва тадбиркор томонидан бозорга чиқарилаётган маҳсулотлар карантин лабораторияларида таҳлил қилиниб, улар инсон соғлиғи учун зарарсиз бўлган тақдирда маҳсулотлар учун фитосанитар сертификат берилади. Биргина “Вишенка ” навини олиб қарайдиган бўлсак, бу нав жуда фойдали ва оқсилга бой. Харидорлари ҳам кўп. Бу нав 28 кунда ҳосилга кириб, бир ойда тўлиқ пишиб етилади. Битта икки килограмм шелуха солинган қопга жойланган уруғлар 10-12 килограммгача ҳосил беради. Бир йилда 10 тоннага яқин ҳосил олиш имконияти мавжуд . Афзаллик томони, уни йил давомида етиштириб, даромад олса бўлади, мавсум танламайди. Керакли агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш лозимлиги қўзиқорин етиштирувчиларга эслатиб ўтиш зарур.
Туриб еганга тоғ ҳам чидамас деганларидек, агар иш бошлашдан қўрқса, ким менга ёрдам беради, қабилида турмуш кечирса, олинган кредти маблағларини мақсадсиз, ўз эҳтиёжи йўлида сарфлаб юборса, албатта бунинг охири вой, охири камбағаллик, муҳтожлик, боқимандалик. Бироқ қаҳрамонимиз Муяссар Оқмуродова меҳнатни, пешона тери билан рўзғор тебратишни танлади ва кичик имкониятдан унумли фойдаланиб, катта даромадларга умид боғлаётир.
Даврон Мирзақулов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фитосанитар назорати ва мониторинг бўлим бошлиғи
Адолат Мўминова, журналист



