
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари қайд этилган.
Бугунги кунда энг долзарб ва муаммоли масалалардан бири ота-онанинг вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўловини ўз вақтида бажармаслиги ёки бажаришдан бўйин товлаши ҳисобланади.
Ота-оналар боладан алоҳида яшаган тақдирда боланинг тарбияси ва унинг таъминоти масалалари муҳим аҳамиятга эгадир. Оила кодекси оилани мустаҳкамлаш ва вояга етмаган болалар манфаатларини қўриқлашнинг устунлиги тамойилини назарда тутади ва бошқа турдаги оилавий муносабатлар қатори алимент ундириш масаласини ҳам тартибга солади ва болаларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенглигини белгилаб беради.
Вояга етмаган болаларга алимент таъминотини ундириш зарурати туғилганда, энг аввало, мазкур масала қонун ҳужжатлари билан қандай тартибга солинганлигини билиш керак.
Ота-она алимент тўлаш борасида ўзаро келишувга эришмаган тақдирда ота ёки она алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Оила кодексининг 96-моддасига биноан вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади.
Суд амалиётдан бир мисол.
Даъвогар С.Д.нинг жавобгар П.А.га нисбатан алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2024 йил 04 январь кунидаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган туман судининг 2023 йил 13 июль кунидаги ҳал қилув қарорига кўра қаноатлантирилган.
Мазкур ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар А.П.дан даъвогар Д.С.нинг фойдасига икки нафар А. ва Н. исмли фарзандларининг таъминоти учун вояга етгунига қадар 2018 йил 14 майдан бошлаб жавобгарнинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Иш ҳужжатларига қараганда, тарафлар 2008 йил 15 декабрь куни қонуний никоҳдан ўтишган, ўрталарида икки нафар 2008 йил 14 июль куни А. ва 2010 йил 9 август куни Н. исмли фарзандлари туғилган.
Тарафлар 2010 йилдан буён умумий рўзғор юритмайди ҳамда уларнинг эр хотинлик муносабатлари тугаган.
Туман судининг 2023 йил 18 апрелдаги суд буйруғига асосан қарздор А.П.дан ундирувчи Д.С.нинг фойдасига икки нафар А. ва Н. исмли фарзандларининг таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Суднинг 2018 йил 14 майдаги ажрими билан юқоридаги суд буйруғи бекор қилинган.
Биринчи инстанция суди амалдаги қонун талаблари ва иш ҳужжатларига асосланиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида тўхтамга келган. Шикоятда, фарзандларининг 18 ёшгача бўлган даврдаги алимент пулларини тўлаганлиги ҳақида важлар келтирилган бўлса-да, жавобгар А.П. ушбу важларини тасдиқловчи далиллар – икки нафар фарзандининг таъминоти учун қанча миқдорда ва қачон алимент пулларини тўлаганлигини тасдиқловчи квитанция ёки бошқа асословчи ҳужжатлар келтирилмаган.
Суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаган ота-оналарга нисбатан қонунчиликда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига асосан ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик – ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган. Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, – икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Мухтасар қилиб айтганда, алиментни ихтиёрий тўлаш учун икки томоннинг ўзаро келишуви ота-она учун ҳам вояга етмаган фарзандларнинг манфаатлари учун ҳам энг қўлай ва осон ечимдир. Чунки ота-она алимент тўлаш борасида ўзаро келишувга эришган тақдирда ўзларининг ортиқча вақтлари ва харажатларини тежаш имконига эга бўлади.
Шерзод Элиев Сурхондарё вилоят суди судьяси



