КАНАЛ ВА АРИҚЛАРНИ БЕТОНЛАШ ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Миллион йиллардан буён сув тириклик эволюциясига ҳам, Ер сайёрасининг географик шаклию, иқлим ўзгаришларига ҳам беқиёс таъсир кўрсатиб келмоқда. Сувсиз ҳаёт йўқ. Уни инсоният кўз қорачиғидек асрашга мажбур. Маълумки, бугун атрофимизда рўй бераётган сув билан боғлиқ экологик муаммолар барчамизни огоҳ бўлишга чақиради. Серқуёш юртимизда ҳам сув ва ундан оқилона фойдаланиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш масалаларига тўхталиб, бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлаганди. Бунда биринчи муҳим вазифа – канал ва ариқларни бетонлаш ишлари этиб белгиланди. Президентимизнинг ушбу оқилона топшириғи ижросини амалга ошириш мақсадида бугун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ишлар авж паллага кирган. Айтиш жоизки, юртимиздаги қишлоқ хўжалик экин майдонларига борувчи канал ва ариқларнинг катта қисми бетонлаштирилмаган. Шунинг ҳисобига улардан оқиб ўтувчи сувнинг ерга сизиб кетиши натижасида сарфи юқори бўлади. Бунинг олдини олиш мақсадида жорий йилги мавсум олдидан дала четидаги ариқлар ва каналларни кенг миқёсда бетонлаш ишлари бошлаб юборилган. Канал бетонлаштирилиши натижасида эса сувдан фойдаланиш коэффициенти 90-95 фоизгача ошиб, йўқотишларнинг олди олинади.

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантин ва ҳимояси бошқармаси туман бўлими инспекторлари томонидан мунтазам дала назорати ишлари амалга оширилмоқда. Воҳада фаолият юритаётган кластер корхоналари ва фермер хўжаликларининг канал ва ариқларни бетонлаш ишлари бажарилиши ўрганилмоқда. Мақсад сув сарфини камайтириш ва боридан унумли фойдаланишдир.
- Мамлакатдаги жами сув ресурсининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланаяпти,- дейди вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Жарқурғон туман бўлими инспектори Содиқ Абраматов. Ўзбекистонда бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10−11 минг кубметр сув сарфланаётган бўлса, иқлими ва ери ўхшаш мамлакатларда бундан 2−3 баравар кам сув ишлатилаяпти. Бунга эса сувни тўғри бошқариш ва исроф қилмаслик ҳисобига эришиляпти. Бугун шу манбалар ҳақида ер эгаларига қанча кўп тушунтирсак, сувни ҳам тежаган бўламиз, ҳосилдорлик ҳам юқори бўлади.
Дарҳақиқат, бу борада бошқарма инспекторлари томонидан жойларда кенг кўламдатарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бугун Жарқўрғон туманининг инспекторлари “Минор Сурхон гавхари” МФЙ худудидаги “Жайронхона файзи” фермер хўжалигида бўлиб, ариқларни бетонлаш ишида иштирок этди. Шунингдек, бошқарманинг Узун ва Қизириқ тумани давлат карантин инспекторлари томонидан худудларда дала назорати ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

Қизириқ туманида ҳудуднинг 3 секторига қарашли “Янгиобод” маҳалласида сектор рахбари ва карантин инспекторлари оилавий пудратчиларга ариқларни бетонлашнинг аҳамияти ҳақида тўхталишди. Галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Даврон Мирзақулов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Фитосанитар назорати ва мониторинг бўлим бошлиғи



