Фойдали маслаҳатлар

ТУПРОҚ ҚАТЛАМИНИ АҒДАРИБ ШУДГОР ҚИЛИШ САМАРАЛИ НАТИЖА БЕРАДИ

 

Ҳалқимизнинг ризқи рўзи, насибаси аввало далаларимизда заҳматкаш деҳқонларимиз томонидан етиштириладиган маҳсулотлар, озиқ-овқат ва нозу-неъматлар билан ўлчанади.  Қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил олиш ва етиштирилган ҳосилни сақлаб қолишдаги асосий
омиллардан бири зараркунанда, касаллик ва бегона ўтларлардан ҳимоя қилишдир.Инсоният биргина зараркунандалар туфайли ҳар йили: 203,7 млн.тонна–дон;228,4млн.тонна–қандлавлаги;23,8 млн.тонна – картошка; 23,4 млн.тонна – сабзавот; 11,3 млн.тонна – мева ҳосилини кам олар экан. Республикада ўсимликлар карантини ва  ҳимояси соҳасида  атроф-муҳит, инсонлар ва жонзотлар учун безарар бўлган биологик кураш усулини қўллашга катта аҳамият берилмоқда. Биолабараторияларда  биомаҳсулотларни кўпайтириш ва қўллаш ҳажми ошиб бормоқда.  Бугунги кунда, ғўза зараркунандаларига қарши  курашда биологик усулнинг улуши самарали бўлаётир. Кейинги йилларда янгидан биолабораториялар ташкил этилмоқда ва эскилари қайта жиҳозланмоқда. биолабораторияларнинг биомаҳсулот кўпайтириш
қуввати оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, зараркунандаларнинг ёппасига тарқалиши олдини олиш мақсадида профилактик тадбирларга ҳам катта эътибор берилмоқда.  Зеро, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда юқори ва сифатли ҳосил олишнинг асосий омилларидан бири ўсимликларни зараркунанда, касалик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишдир.Бунинг учун   ўсимликлар карантинини ва  ҳимоя килиш тадбирларини тўғри ва режали ташкил этиш ва бошқариш лозим. Яна бир жиҳат борки, бу ерга муносабат.

ТУПРОҚҚА АСОСИЙ ВА ЭКИШ ОЛДИДАН ИШЛОВ БЕРИШ МУҲИМ АҲАМИЯТ КАСБ ЭТАДИ.

Зеро, тупроқ ризқ рўзимиз, хазинамиздир. Умуман тупроқ деганда ернинг устки унумдор қатлами тушунилади. Ер инсоният ва ҳайвонот дунёсининг ҳаёт кечириши учун асосий манба. Ерсиз на инсониятни,на ҳайвонот оламини, на ўсимликлар дунёсини тасаввур қилиш мумкин.Ўзбек хонадони учун бир парча ер азалдан қадрли бўлган. Чунки у нафақат оила даромадига даромад қўшади, балки эл-юрт фаровонлигини таъминлашда ҳам муҳим омил ҳисобланади. Айни шу жиҳатдан ҳамистиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ аҳолига томорқа учун ер ажратиб берилгани жуда катта аҳамиятга эга тарихий қарор бўлган эди. Ўтган йиллар давомида давлатимиз томонидан Қонунлар, муҳим фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилиниши ҳамда уларнинг ижроси изчил бажарилиши фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъектлар сифатида шаклланиши ва ривожланишини таъминлаб берди. Бугунги кунда ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва вилоят бошқарамалари мутахассислари  томонидан соҳа вакилларига  йилнинг тўрт фаслида ҳам иқлим шароитимизга мос назарий  илмлар берилмоқда, биргаликда амалий кўникмалари ривожлантирилмоқда.  Глобал иқлим ўзгариши шароитида табиий ресурслар – ер ва сувдан, шунингдек моддий ресурслардан мақсадли ва самарали фойдаланишга бўлаётган барча ҳаракатлар пировард натижада соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилмоқда.

Дунёда ғалла етиштирувчи ривожланган давлатларда бегона ўтларга қарши курашишда тупроққа ҳар хил усулларда ишлов бериш ва гербицидларни қўллаш юқори самара бериши аниқланган. Кузги буғдой етиштирилаётган майдонарни фитосанитар ҳолатини биргина тупроққа ишлов бериш тадбирлари билан яхшилашга ҳар доим ҳам эришиб бўлмаслигини эътиборга олган ҳолда, гербицидларни агротехник тадбирлар билан биргаликда қўшиб олиб бориш туфайлидалаларни бегона ўтлардан тозалаб, ғалла дон ҳосилини ошириш жуда долзарб масала ҳисобланади.  Экинлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда тупроқ унумдорлигини ошириш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Суғориладиган майдонлар тупроқ таркибидаги чиринди миқдори ва экинлар ўзлаштирадиган озуқа моддалари билан таъминланганлиги жиҳатидан бир-биридан кескин фарқ ҳилади. Шу билан бирга тупроқнинг агрокимёвий хусусиятлари вақт ўтиши, маҳаллий ва минерал ўғитларнинг қўлланилиши ҳамда ҳосил билан бирга озуқа моддаларининг чиқиб кетиши натижасида ўзгариб боради.Тупроқнинг унумдорлиги олинган ҳосил билан ўлчанади. Бошқача айтганда,юқори ҳосил тупроқ унумдорлигининг асосий ва аниқ кўрсаткичидир. Ердан оқилона фойдаланилганда, унинг унумдорлиги ортади,шафқатсизларча муносабатда бўлинганда эса тақир ерга айланади. Тупроқ қатламини ағдариб шудгор қилиш бундан кейин ўтказиладиган барча агротехника тадбирларининг юқори самарадорлик гаровидир. Биринчи навбатда сабзавот-полиз ва озуқабоп экинлар, каноп ва бошқа экинлардан бўшаган майдонлар, кейин (ҳосил йиғим-теримининг тугалланишига қараб) пахта майдонлари шудгор қилинади. Барча суғориладиган майдонларни шудгорлашда замонавий махсус плуглардан  фойдаланилади.Тупроққа асосий ишлов бериш чуқурлиги тупроқ қатламининг қувватини, далани ўт босиш даражасини ҳисобга олган ҳолда табақалаштирилади. Хўжаликларда ерлар шудгорланганидан кейин кузда далаларни текислашга алоҳида эътибор берилади. Барча ер текислаш ишлари кузда бажариб қўйилади. Чунки бу ишлар баҳорда, ер нам бўлиб турган пайтда бажариладиган бўлса, тупроқ қаттиқ зичлашиб, ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келиши мумкин. Тупроққа юза ишлов бериш, алмашлаб экишга амал қилмаслик ва ўғитларнинг оз берилиши чиринди (гумус)нинг камайиб кетишига олиб келади. Бундай ўзгаришлар оқибатида тупроқда сув ва шамол эрозиясини кучайтириб
юборади. Биргина эрозия туфайли ўсимликка бериладиган азот ва фосфорнинг 40-50 %, калийнинг бундан кўп ювилиши туфайли ғўза ҳосилдорлиги 5-6 центнергача камайиб кетиши кузатилган.

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ва унинг  тумани бўлими ходимлари  томонидан келгуси  йил мўл ҳосили учун кузги шудгорлашни ўз вақтида ва сифатли ўтқазиш билан боғлиқ агротехник тадбирлар юзасидан назорат тадбирларини  ўтказмоқда. Шу мақсадда туманлардаги   ер эгалари  томонидан такрорий экинлардан бўшаган майдонларда кузги шудгорнинг сифати карантин инспекторлари томонидан мониторинг тартибида ўрганилмоқда. Зеро, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда кузги шудгор муҳим аҳамиятга эга. Кузги шудгор тупроқдаги органик қолдиқларни ўсимлик илдиз зонасидан чириб, гумус ва зарур озиқ-моддаларга айлантиришга имкон беради. у билан бирга, бегона ўтлар уруғи, ер юзасида тўпланиб келган зараркунанда тухум ва личинкалари ҳамда касаллик қўзғатувчи микроорганизмларни пастки чуқур қатламига тушиб, нобуд бўлиши ёки фаолсизланишига сабаб бўлади. Кузги шудгор тупроқ зичлиги ва қаттиқлигини йўқотиб, уни юмшоқ ҳолатга келтириб, куз, қиш ҳамда баҳорги ёғингарчилик сувларини тупроққа яхши сингиши, уларни даладан оқиб чиқиб кетмаслигини таъминлайди. Бу эса, тупроқни сув захирасига бойитади ва ўсув даврида суғоришга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Кузда асосий озуқа сифатида органик, фосфорли ҳамда калийли ўғитлар қўлланилади. Ушбу ўғитларнинг самараси кузги шудгор билан қўлланилганда энг юқори бўлади. Шунингдек, карантин инспекторларимиз томонидан дала четларини тозалаш, боғ ва токзорларда ишлов бериш ишлари жадал суръатларда олиб борилаётир.

Энг муҳими боғларда қатор ораларга экилган пиёз , арпа ва шунга ўхшаш экинлар парвариши ҳам мониторинг қилинмоқда .

Далаларида ободонлаштириш ишлари авжида. Ариқларни ва маҳаллий ўғитларни сақлашга мўлжалланган ховуз қазиш ишлари уюшқоқлик билан олиб бориляпти. Тозаланган ва қазилган ариқлар ҳамда ховузларни бетонлаш ишлари ҳам бажарилмоқда .

Акрам Абсаматов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Даврон Мирзақулов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар  карантини ва ҳимояси  Фитосанитар назорати ва мониторинг бўлим бошлиғи

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button