Жамият

ҲОЖИ БЎЛИШ – ШАРАФ ҲАМДА КАТТА МАСЪУЛИЯТДИР

 

Мўмин мусулмон борки, Ҳаж ибодатини адо этишни орзу қилади.   Бу йил ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларига асосан фуқароларимизга Ҳаж ва Умра сафари мобайнида кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш  мақсадида махсус ишчи гуруҳи ташкил этилиб, Саудия Арабистонидаги ширкатлар билан музокаралар олиб борилди.

Давлатимиз ва ҳукуматимизнинг кўмаги билан бу йил Ўзбекистондан 15 мингдан зиёд фуқаро Исломнинг бешинчи рукни бўлган Ҳаж арконларини беками-кўст бажариб, ҳожилик мақомига мушарраф бўлди.  Ҳаж ҳижрий сананинг тўққизинчи йилида фарз бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнинчи ҳижрий йилда Ҳаж қилганлар.

Қуръони каримда: “Одамлар орасида (юриб уларни) Ҳажга чорлагин! (Шунда) улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар. Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!» (Ҳаж сураси, 26-27-оятлар).

Ана шу ояти каримага мувофиқ, бутун Ислом оламидан мусулмонлар Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамага оқиб келишади. Бу муқаддас заминга Ҳаж ибодатини адо этиш учун келган киши борки, қалби нурга тўлиб, хотиржам бўлади. Ҳаж – буюк ибодатдир. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни Ҳажга чорлашни буюрди. Бу чақириққа “лаббай” деганлар улуғ ибодатни амалга оширадилар ва кўпдан-кўп манфаатлар кўрадилар. Ҳаж мавсуми — улуғ амаллар адо этиладиган, олий мақсадлар, эзгу ниятлар ушалиши сўраладиган, дуо-тилаклар ижобат бўладиган палла. Шу боис ҳар бир мўмин-мусулмон киши умри давомида бир марта бўлсада, Каъбатуллоҳни тавоф қилиш, Мино водийсида қолиш, Арафотда туриш, Муздалифада тунаш, Сафо ва Марва тепаликларида саъй қилиш орзуси бўлади.

Аллоҳга шукр, бу йил юртимизнинг жанубий ҳудуди – Сурхондарёдан 784 нафар зиёратчи муқаддас заминларга келиб, Ҳаж ибодатларини тўла-тўкис бажарди. Ҳожиларимиз тақво билан зийнатланиб, амалларини чиройли адо этишди.

Саноқли Ҳаж кунларини охират учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишди. Ҳар қандай сафар албатта, машаққат билан бўлади. Шу жумладан, Ҳаж ҳам. Мусофир чарчайди, қийналади. Лекин бу машаққат ва қийинчиликлар муқаддас заминларда тоат-ибодатлар билан унутилади. Сафарда ўзига яраша қийинчиликлари бўлади, мана шундай ҳолатларда Ҳаж қилувчи киши тилига эҳтиёт бўлиши лозим. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Ким Аллоҳ учун Ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти). Улуғ сафар давомида ватандошларимиз Саудия Арабистонининг Мадина ва Макка шаҳарларида бўлиб, Ҳаж амалларини мукаммал адо этишди. Арафот тоғи, Мино ва Муздалифа водийларида ибодатлар чоғида бугунги саодатли кунлар учун шукроналар айтиб, Аллоҳдан юртимизга файзи барака, халқимизга фаровонлик, эртанги умидимиз бўлган фарзандларимиз бахти, камолини сўраб, дуолар қилишди.

Раҳмоннинг меҳмонларига, яъни ҳожиларга хизмат қилиш – шараф. Ана шу шарафни Саудия ҳукумати масъулият билан уддаламоқда. Сўнгги йилларда Саудия Арабистони зиёратчиларга қулай шарт-шароит ҳозирлаш мақсадида энг янги технологиялар ва сунъий интеллект механизмларидан фойдаланишни йўлга қўймоқда. Бу эса хизмат кўрсатиш сифатининг янада ошишига туртки бўлаётир. Ҳаж – Исломнинг беш арконидан бири бўлган улуғ рукн, Аллоҳга маҳбуб ибодатдир. Бу ибодат Аллоҳ таолога юзланиш, У Зотнинг тажаллийси, нурининг маркази бўлган масканда адо этилади. Ҳадиси шарифларда келишича, Байтуллоҳи шариф шундай маконга жойлашганки, унинг айни устида, еттинчи осмонда Байтул Маъмур, унинг устида эса Аллоҳ таолонинг Арши жойлашган. Аллоҳ таолонинг таважжуҳи, нури ва тажаллиёти дастлаб Каъбатуллоҳга нозил бўлиб, кейин бутун оламга тарқалади. Шу сабабли бу ерга келиш бахтига мушарраф бўлган мусулмонлар учун улкан саодат бор.Хусусан, жорий йилги Ҳаж мавсумида 1 845045 нафар зиёратчини кутиб олиш ва кузатиш ишларида ҳам янги технологияларнинг салмоқли ҳиссаси бор. Бундай замонавийликни Жидда аэропортидаёқ ҳис қиласиз. У ерда Ҳаж ва Умра залларида зиёратчиларга 186 та экранда 16 тильдаги 140 дан ортиқ ўқув материали намойиш этилади.

Бу йилги Ҳаж мавсумининг юқори даражада ўтиши учун Саудия ҳукумати йил давомида тайёргарлик кўрди. Хусусан, зиёратчилар саломатлигини доимий кузатиб бориш учун 32 та касалхона ва 140 та соғломлаштириш пункти ҳамда 32 минг мутахассис ишга жалб этилди. Ушбу муассасаларнинг умумий сиғими 6132 ўринга етказилди. Биргина Минодаги Жамарот кўпригида 190 та тез тиббий ёрдам машинаси ва 16 та тез тиббий ёрдам маркази ташкил этилди.

Бу йилги Ҳаж мавсумида биз ўзбекистонлик ҳожилар учун яратилган шарт-шароитлар бутун дунё мусулмонларининг ҳавасини келтирди. Гап шундаки, юртдошларимиз учун барча имкониятлар ишга солингани, бу имкониятларнинг барчаси ҳожилар манфаатига хизмат қилди. Буни бошқа мамлакатлардан келган хожилар билан бўлган суҳбатларда ҳам эшитиб, қалбимиз фахр ва ғурурга тўлди. Шукроналигимизга шукроналик қўшилди.

Мадина   шаҳрида биз ўзбекистонлик ҳожилар қолган “Пулман Замзам” меҳмонхонасида яратилган шароитларни кўриб, юртдошларимиз давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни янада равнақ топиб бораётганлигининг  далолати эканлигидан мамнун бўлдик. Бундай ишлар давлат томонидан ташкиллаштирилгани бошқа мамлакатлар ўзлаштириши зарур бўлган яхши тажриба экан, дейишди хожилар.

Албатта, ҳожи бўлиш – шараф, катта масъулиятдир. Уламоларимизнинг айтишича, Ҳажнинг қабул бўлган ёки бўлмагани ҳожининг уйига қайтганидан кейинги амалларидан билинади. Демак, ҳожиларимиз юртимизга қайтганларида билим-маърифат, чиройли хулқ, одоб-ахлоқ ва гўзал феъл-атворда ҳаммага намуна бўлишлари керак. Шу билан бирга, барча хайрли ишларнинг, эзгу ташаббусларнинг бошида албатта, ҳожилар туриши зарур.

Муқаддас Ҳаж зиёратларини бажарган воҳадошларимиз шу  заминларга келиш насиб этганидан Аллоҳга чексиз ҳамду санолар айтдилар. Иншааллоҳ, Ватанимизга қайтиб, маҳаллалар ободлиги, ёшлар таълим-тарбияси борасида мутасаддиларга яқиндан кўмаклашамиз. Халқимиз, маҳалладошларимизни шукроналикка, тинчликнинг қадрига етишга чорлаймиз..

Ҳақ таоло ҳамюртларимиз ҳажларини мабрур, дуоларини мустажоб айласин.

Асрорхон домла ҲАБИБУЛЛАЕВ, Сурхондарё вилояти Шўрчи туман бош имом хатиби

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button