АҲОЛИГА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗНИ УЗЛУКСИЗ РАВИШДА ЕТКАЗИШ МАҚСАДИДА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР

Бугун АОКА Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси ва “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали томонидан “Истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб бериш ва ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини босқичма-босқич жорий этилиши” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан маиший газ баллонларнинг ҳисобини юритишда автоматлаштирилган назорат тизимни тадбиқ қилиб борилмоқда. Бунда ҳар бир газ баллон махсус бар-кодли ёрлиқлар билан таъминланиб келинмоқда, дейди -“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Ҳусниддин Бердимуродов

Бугунги кунда ҳар бир суюлтирилган газ истеъмолчиси учун ўз маиший газ баллонини қачон ва қай тартибда тўлдирилиши ҳақидаги маълумотларни онлайн тарзда “Е-Газ” дастуридаги шахсий кабинети орқали назорат қилиб бориш имкони яратилди. Сизнинг хонадонингиздан олиб кетилган бўш баллон қачон ва қаердан суюлтирилган газ билан олиб кетилишини эндиликда сиз ҳам биз ҳам назорат қилиб борамиз.
Таъкидландики, ИД карталар фақат маиший газ баллонидан фойдаланиш учун белгиланган бўлиб, унда барча маълумотлар кўриниб туради. Шунингдек, автоматлаштирилган тизим тўлиқ ишга туширилгандан сўнг, белгиланган маблағ истеъмолчининг ИД картасидан ечиб олинади. Буни қулайлиги шундаки, ҳар бир ИД картадан эгасидан бошқа шахснинг фойдаланиш имкони мавжуд эмас. Матбуот анжуманида айнан шу ҳақида сўз борди.Яратилган бундай қулайлик ва имкониятлар ҳақида мутахассислар томонидан тушунча берилди.

Таъкидлаш муҳимки, ушбу тизим икки йилдан буён ишлаб келмоқда. Ҳайдовчи экспедитор ва таъминотчи ходимлар томонидан газ баллон учун истеъмолчидан нақд ёки ортиқча пул олинишига асло йўл қўйилмайди. Энг асосийси, нархнинг сунъий ошишига ва ноқуний савдоларнинг олди олиниб, истеъмолчи ҳамда газ таъминоти ташкилоти ўртасидаги ҳисоб-китоб шаффофлиги тўлиқ таъминланишига эришилади.
“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан барча истеъмолчиларга бир маромда суюлтирилган газ етказиб бериш тизими йўлга қўйилган бўлиб, йил бошидан бери аҳолига 38 минг 840 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Аҳолининг газ балонларига бўлган эхтиёжлари ортмоқда. Маиший газ баллондан оғир қолдиқ тўкилиши назоратга олинган.
Суюлтирилган газ баллонида ҳосил бўлувчи оғир қолдиқни ўзбошимчалик билан тўкиш мумкин эмас, уни тўкиб олувчи махсус жойлар ва ускуналар бор.
Инсон манфаатлари улуғланаётган мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ишчи-хизматчиларнинг муносиб меҳнат қилиши, ишдан бўш вақтларида мазмунли дам олиши учун барча шароит яратилмоқда. Бундай эътибор юртимизни янги босқичда ривожлантириб, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш сифатини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда. Вилоятдаги газ тўлдириш станциялари ва газ тўлдириш шохобчаларида яратилган замонавий шароитлар ҳам ходимлар учун бир қатор қулайлик яратиб, уларни ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди.

– Кейинги йилларда ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиб, барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Бойсун газ тўлдириш шохобчаси техник ҳисобчиси Абдумажид Абдураҳимов. – Жумладан, бепул махсус иш кийимлари билан таъминлаш жорий этилди. Соғлигини сақлаши учун сут маҳсулотлари тарқатилади. Шунингдек, газ тўлдириш станцияда газ сақлаш, унинг хавфсизлик чоралари, газ баллонни тўлдириш, баллонлардаги қолдиқларни бўшатиш каби барча жараёнлар видео камералар орқали кузатиб турилади. Бундай ўзгариш ва янгиланишлар жамоамизнинг ҳар бир аъзосига фахр бағишлаб, ўз вазифасини янада самарали бажаришга ундамоқда.
“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали мутасаддиларининг айтишича, мазкур иншоотларда ходимларга йўриқномада кўрсатилган меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги қоидалари, шунингдек, объектда ҳар қандай техноген ҳалокат юз берганида фуқаролар муҳофазасини таъминлаш, бундай ҳолатда бажарилиши зарур бўлган барча ҳаракатларни тўғри амалга ошириш ҳамда техник воситалардан тўғри фойдаланиш юзасидан тегишли тавсиялар бериш йўлга қўйилган.
– Бундан ташқари ҳар бир ходим иш жойида махсус формада бўлиши қатъий белгиланган, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Азиз Машрабов. – Шунингдек, техника хавфсизлиги бўйича ажратилган махсус кийимлардан, иш жараёнида меҳнат қуролларидан тўғри фойдаланиш талаб этилади. Бу тартиблар ходимларнинг техника хавфсизлигини таъминлашда, яратилган янги шароитлар эса уларни ижтимоий ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Барча ишларни масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ўзи ва истеъмолчилар саломатлигини хатарга қўймасдан бажаришига қулай муҳит яратади.
Қизғин тарзда ўтказилган матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар жавоб беришди.
«Hududgaz Surxondaryo» газ таъминоти филиали матбуот хизмати



